2500 йиллик тарихга саёҳат
Сирдарё вилоятининг қадимий ва бой тарихий меросга эга ҳудудларидан бири бўлган Ховос туманида ёшлар учун маърифий саёҳат ташкил этилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари доирасида ўтказилган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёш авлодни юртимизнинг бой тарихи, маданий мероси ва муқаддас қадамжалари билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.

Қарийб 2500 йиллик тарихга эга Ховос ҳудуди асрлар давомида шаклланган бетакрор маданий ёдгорликлари, қадимий обидалари ва табаррук зиёратгоҳлари билан алоҳида аҳамият касб этади. Тарихий манбаларга кўра, бу ерда қадимда 28 та табаррук қадамжо мавжуд бўлган бўлиб, бугунги кунга қадар уларнинг 12 таси сақланиб қолган.
Бир кунлик саёҳат Кўҳна Ховос тепалигидан бошланди. Бу ерда ёшларга қадимий шаҳар харобалари, археологик тадқиқотлар, илмий экспедициялар давомида қўлга киритилган маълумотлар ва ҳудуднинг тарихий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбир давомида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Иномжон Қудратов ёшлар билан самимий мулоқот ўтказди. Суҳбат жараёнида у тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни ўрганиш, уларни асраб-авайлаш ҳар бир авлоднинг муҳим вазифаси эканини таъкидлади.
— Тарихий масканларни зиёрат қилиш инсонда аждодлар меросига ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлайди. Бундай саёҳатлар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиради, уларни тарихимиз билан чуқурроқ таништиради, — деди Иномжон Қудратов.

Саёҳат давомида ёшлар “Ҳасти бузургон”, “Биби Оча”, “Юсуфбобо” ва “Шербобо” қадамжоларини ҳам зиёрат қилишди. Ҳар бир масканда ушбу обидаларнинг тарихи, улар билан боғлиқ ривоятлар ва халқимизнинг маънавий ҳаётидаги ўрни ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.
Мазкур маърифий тадбир ёшларга Ховоснинг бой тарихий мероси билан яқиндан танишиш, аждодлардан қолган бебаҳо қадриятларни англаш ва миллий ўзликни янада чуқур ҳис этиш имконини берди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири