Бухоро ва Хоразмга саёҳат
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, хонадонларга тиббий хизмат ва меҳр-эътибор олиб киришда патронаж ҳамшираларининг ўрни беқиёс. Улар ҳар куни маҳалла ва хонадонларда бўлиб, оналар ва болалар саломатлигини назорат қилади, беморлар ҳолидан хабар олади. Бу масъулиятли касб эгаларининг меҳнати инсон саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ана шундай фидойи тиббиёт ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, уларни рағбатлантириш ва мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун шароит яратиш мақсадида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида фаолият юритаётган патронаж ҳамширалари учун Бухоро ва Хоразм вилоятларига саёҳат ташкил этилди.
Асосийси, тиббиёт ходимлари саёҳат давомида юртимизнинг бой тарихи, бетакрор меъморий обидалари, муқаддас қадамжолари ва миллий-маданий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Саёҳатнинг дастлабки манзили Бухоро бўлди. Қадимий шаҳарнинг ҳар бир кўчаси, муҳташам минора ва мадрасалари, тарихий мажмуалари юртимизнинг бой ва серқирра ўтмишидан сўзлайди. Ҳамширалар Бухоронинг машҳур Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси, Лаби Ҳовуз каби тарихий масканларида бўлиб, уларнинг тарихи ва меъморий хусусиятлари билан танишдилар.

Айниқса, асрлар давомида Бухоро ҳукмдорлари қароргоҳи бўлиб келган Арк қалъаси саёҳатчиларда катта таассурот қолдирди. Қадимий қалъа бағридаги осори-атиқалар, меъморий иншоотлар ва тарихий маълумотлар аждодларимизнинг давлатчилик анъаналари, турмуш тарзи ва маданияти ҳақида янада кенг тасаввур уйғотди.
Бухоро сафари давомида “Етти пир” зиёратгоҳларини зиёрат қилиш ҳам иштирокчилар учун маънавий жиҳатдан мазмунли бўлди. Буюк алломалар ва азиз-авлиёларнинг ҳаёти, илмий-маърифий ва маънавий мероси билан танишиш саёҳатга алоҳида мазмун бағишлади.
Саёҳатнинг кейинги манзили Хоразм воҳасининг гавҳари, қадимий Хива шаҳри бўлди. Хиванинг юраги ҳисобланган Ичан қалъа ўзининг бетакрор меъморий қиёфаси билан меҳмонларни мафтун этди. Қадимий шаҳар деворлари ичида асрлар силсиласидан дарак берувчи мадрасалар, масжидлар, саройлар, минора ва мақбаралар бугун ҳам ўзининг тарихий қимматини сақлаб келмоқда.

Саёҳатчилар Кўҳна Арк, Тошҳовли саройи, Жума масжиди, Калта Минор каби тарихий обидаларни томоша қилиб, аждодларимиз қолдирган улкан меъморий мерос билан яқиндан танишдилар. Ичан қалъанинг қадимий кўчалари бўйлаб сайр қилиш, миллий ҳунармандчилик намуналарини кўриш ҳам иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
— Бухоро ва Хоразмга уюштирилган саёҳат биз учун жуда мазмунли ва унутилмас бўлди. Кундалик иш фаолиятимизда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ масъулиятли вазифаларни бажарамиз. Шу боис, бир неча кун давомида тарихий шаҳарларни зиёрат қилиб, маънавий ҳордиқ чиқарганимиз бизга катта қувонч бағишлади. Бухородаги Арк қалъаси ва “Етти пир” зиёратгоҳларида бўлиб, аждодларимиздан қолган бой маънавий мерос билан танишдик. Хивадаги Ичан қалъа, қадимий сарой ва мажмуалар эса бизда янада катта таассурот қолдирди. Сафар давомида юртимизнинг тарихи ва маданий мероси нақадар бой эканини яна бир бор ҳис қилдик, — дейди ҳамшира Чарос Жўраева.

— Бундай саёҳатларни нафақат Бухоро ва Хива, балки Самарқанд, Тошкент ҳамда республикамизнинг диққатга сазовор бошқа масканларига ҳам мунтазам ташкил этиб келяпмиз. Сафарлар давомида тиббиёт ходимлари нафақат мароқли ҳордиқ чиқариб, куч тўплайдилар, балки юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишадилар, азиз-авлиёлар қадамжоларини зиёрат қилиб, маънавий озуқа ва янги таассуротлар оладилар. Бундай сафарлар уларнинг дунёқарашини бойитиш, руҳий тетиклигини ошириш ва касбий фаолиятига янада катта ғайрат билан ёндашиши учун муҳим мотивация беради. Зеро, меҳнат аҳлини рағбатлантириш, уларга муносиб дам олиш имкониятини яратиш жамоада соғлом муҳитни мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан биридир, — дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Акбархон Мирзахонов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири