Давлат кадастрлар палатаси Қашқадарё вилоят бошқармасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан вилоятда фаолият юритаётган бир гуруҳ ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда бошқарма масъуллари томонидан тизимда коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

“E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизимининг ишлаб чиқилиши соҳадаги қатор коррупцион ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Давлат раҳбарининг 2021 йил 24 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан Ер ва кадастр назорат соҳасида ҳуқуқбузарликларни аниқлашдан бартараф этилгунига қадар бўлган жараённи ўз ичига олган “E-YER NAZORAT” ААТ ишлаб чиқилди.
Ушбу дастур орқали ер қонунбузилишига қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларга чора кўриш бўйича самарали давлат назоратини ўрнатишга

эришилди.
Шунингдек, ушбу дастур орқали туман, шаҳар инспекторларининг иш самарадорлиги баҳоланиб борилмоқда. Дастурнинг яна бир қулайликларидан бири Кадастр агентлиги органлари томонидан давлат ер ва кадастр назоратини ташкил этиш ва ўтказиш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатлар тўпламини шакллантириш, қайта ишлаш, умумлаштириш, сақлаш ва таҳлил қилиш механизми мавжудлиги бўлиб, давлат ер ва кадастр назорати соҳасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг “E-ma’muriy ish” электрон тизими билан интеграция қилинганлигидир.
Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг коррупцияга қарши курашишнинг устувор йўналиши бу аҳолига кадастр хизматларини кўрсатишда инсон омилини қисқартириш ва соҳани рақамлаштиришга қаратилган чора-тадбирлардир.
2023 йилнинг ўтган даври давомида Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ҳамда унинг туман, шаҳар филиаллари томонидан кадастр паспорти тайёрлаш бўйича қарийб 32 мингта, кўчмас мулкларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 83 мингта, бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича 3723 та, бино иншоотларни тоифасини ўзгартириш яъни тураржойдан нотураржойга ёки нотураржойдан тураржойга айлантиришда 511 та ҳолатда давлат хизматларини кўрсатиш электрон тарзда амалга оширилган бўлиб, бунда ҳар бир мурожаат Давлат хизматлари марказлари ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон кўринишда қабул қилиниб, ижроси таъминланди. Соҳа ходимлари билан фуқаролар ўртасидаги инсон омили аралашувининг қисқариши, одамларнинг ортиқча оворагарчилиги олди олиниши ҳамда энг асосийси коррупцион иллатларни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг бартараф этилишига эришилган.

2023 йилнинг ўтган даври мобайнида Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасининг Қашқадарё вилоят бошқармалари коррупцияга қарши курашиш тизими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда соҳада коррупциянинг олдини олиш, ходимларда коррупцияга қарши муросасизлик ҳиссини шакллантириш йўналишида меҳнат жамоаларида 60 дан ортиқ умумпрофилактик маъруза, 42 маротаба якка тартибдаги профилактик тарбиявий ишлар, учрашув ва суҳбатлар ўтказилган.
Маълум қилинишича, 480 дона ёзма ҳуқуқий тарғибот ва кўргазмали ҳуқуқий тарғибот материаллари аҳоли ва ходимларга тарқатилган. Ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, коррупцияни ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида ҳафтанинг ҳар жума куни 15 дақиқали ҳуқуқий ахборот бериш тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда. Ўтказилган умумий ва индивидуал тартибдаги профилактик тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва йиғилишлар таъсирида коррупциявий жиноят ва ҳуқуқбазарлик содир этиш бўсағасида турган 25 нафардан ортиқ соҳа ходимини бу жирканч йўлдан қайтаришга эришилган.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири