23 июнь – Халқаро олимпия куни
23 июнь — Халқаро олимпия куни дунё бўйлаб спорт, тинчлик ва бирдамлик ғояларини тарғиб этувчи муҳим сана сифатида кенг нишонланади.
Ушбу сана замонавий олимпия ҳаракатининг асосчиси барон Пьер де Кубертен ташаббуси билан 1894 йилда Халқаро олимпия қўмитаси ташкил этилганига бағишланган.
Бундан роппа-роса 132 йил аввал қўйилган тарихий қадам олимпия ҳаракатининг тикланишига асос бўлиб хизмат қилган. Шу боис 23 июнь халқаро миқёсда “Олимпия куни” сифатида эътироф этилиб, дунё бўйлаб кенг нишонланади.
Бугунги кунда Халқаро олимпия куни дунёнинг 205 та давлатида турли спорт ва соғломлаштириш тадбирлари орқали кенг нишонланмоқда. Унда миллионлаб инсонлар оммавий югуришлар, мусобақалар ва спорт акцияларида фаол иштирок этади.
Ушбу тадбирларнинг асосий мақсади жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, олимпизм ғояларини сингдириш, шунингдек, ёшлар ва катталар қалбида спортга бўлган муҳаббатни янада кучайтиришдан иборат.
Ўзбекистонда ҳам ушбу сана кенг миқёсда нишонланиб келинмоқда. Мамлакатимизда спортни оммалаштириш, ёш авлодни соғлом турмуш тарзига жалб этиш ҳамда олимпия қадриятларини тарғиб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз спортчилари халқаро майдонларда муносиб натижалар қайд этиб, Олимпия ўйинлари ва қитъа чемпионатларида юксак поғоналарга кўтарилмоқда. Бу эса юртимизда олимпия ҳаракатининг тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА