2030 йилгача туризмни ривожлантириш учун муносиб шароитлар яратилади
Маълумки, иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, аҳоли турмуш даражаси ошиши ва бандлигини таъминлашда туризм соҳаси муҳим аҳамиятга эга. Туризм кенг қамровли соҳа бўлиб, даромади жиҳатдан дунёда учинчи ўринда туради.
Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)нинг маълумотларига кўра, 2023 йилда халқаро туризм ташрифлари пандемиядан олдинги даражанинг деярли 90 фоизига етди. 2023 йилнинг январь – сентябрь ойлари орасида 975 миллион турист халқаро миқёсда саёҳат қилган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 38 фоизга ошганидан далолат.
2023 йилнинг учинчи чорагида туристлар халқаро миқёсда 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоиз кўпроқ саёҳатни амалга оширган.
Хорижий туристлар ташрифи бўйича Ўзбекистон пандемиядан олдинги даражанинг 98 фоизини ташкил этди.
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш билан бирга виза режимини соддалаштириш чора-тадбирлари, янги йўналишларни ишлаб чиқиш, соҳа билан боғлиқ лойиҳаларга инвестиция киритиш, йирик тадбирларни ўтказиш ва бошқа амалий ишлар қилинмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида”ги Президент фармонининг 58-мақсадида Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш вазифаси қўйилган. Стратегияда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ равишда амалга ошириш мақсадида туризмни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Жумладан, туризм соҳаси ва инфратузилмасини жадал ривожлантириш мақсадида 30 та йирик туризм кластери манзилли рўйхати тасдиқланди ва уларнинг фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.
40 та қишлоқ ва маҳаллаларга “туризм маҳалласи” мақомини бериш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга кўра туризм маҳаллаларини ташкил этиш вазифалари 2024 йилдан бошлаб амалга оширилиши белгиланди.
Самарқанд шаҳрида 2023 йилнинг 16-20 октябрь кунлари Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси ўтказилди. Тадбирларда 140 та давлатдан келган делегатлар, туризм вазирлари, туризм маъмуриятлари раҳбарлари, шу соҳада фаолият кўрсатаётган йирик компаниялар вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этиб, Ўзбекистоннинг тарихий қадамжолари билан танишди ҳамда тарихий обидаларга улар томонидан катта қизиқиш билдирилди.
2023 йилда умумий қиймати 9,5 триллион сўмлик 508 та лойиҳа амалга оширилганлиги ҳисобига жами 9 492 та янги иш ўрни яратилган.
Ўзбекистонга 2023 йилда келган хорижий туристларнинг 80,7 фоизи қўшни давлатлар, 11,5 фоизи қолган МДҲ давлатлари ҳамда 7,8 фоизи бошқа давлатлар ҳисобига тўғри келмоқда. Шу билан бирга, туристларнинг ўртача қолиши 4-5 кунни ташкил этиб, 2022 йилга (3 кун) нисбатан 1,5 бараварга ортди. Бу эса мамлакатда туристларга ҳар томонлама қулайлик яратилганлигининг натижасидир. Туристик хизматлар экспорти 2 миллиард 143,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Туризм ва унга ёндош соҳалар йўналишида 70 минг нафарга яқин янги иш ўрни яратилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида 15 миллион нафар аҳоли саёҳатга чиқди ва ҳудудлар бўйлаб 21 миллион ташриф уюштирилди. Ижтимоий кўмак сифатида 1,1 минг нафар имконияти чекланган шахс ва 570 минг нафар ёшлар саёҳатга чиқарилди.
Жойлаштириш воситалари бўйича ҳудудларда 183 та янги меҳмонхона ва 232 та хостел фаолияти йўлга қўйилиб, жами жойлаштириш воситалари сони 5 526 та, улардаги ўринлар сони 144 094 тага етказилди.
452 та оилавий меҳмон уйи ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони 3 458 та, ўринлар сони 30 738 тага етди.
Бундан ташқари, туристлар учун хизмат кўрсатувчи 810 та янги туристик ташкилот ва турагентлар фаолияти йўлга қўйилиши натижасида уларнинг сони 2 649 тага етказилди. Бугунги кунда республика бўйлаб 2 551 та гид-экскурсавод фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон туризм салоҳиятини Европа, Шимолий Америка, Осиё-Тинч океани, Яқин Шарқ, Хитой ва Марказий Осиё минтақаларида кенг тарғиб қилиш мақсадида “BBC WORLD NEWS” (аудиторияси 600 миллион), “СNN” (аудиторияси 1 миллиард) ва “EURONEWS” (аудиторияси 800 миллион) халқаро медиакорпорациялари, шунингдек, “Ctrip.com” онлайн саёҳат платформаси (аудиторияси 500 миллион) ва “Visa Fasilitation Servises Global” (аудиторияси 100 миллион) ташкилоти каби бир қатор хорижий ташкилотлар ва телевидениелар билан шартномалар асосида халқаро миқёсда мамлакатимиз имижи илгари сурилди.
2023 йилнинг июнь ойида эълон қилинган “Жаҳон мусулмон саёҳати индекси” (GMTI–2023) халқаро зиёрат туризми рейтингида Ўзбекистон 140 та мамлакат ичида 13‐ўринни эгаллади.
Шунингдек, “Halal In Travel Awards 2023» (“Саёҳатда ҳалоллик мукофоти 2023») тадбирида Хива шаҳри “Йилнинг ислом мероси туризм манзили” совринини қўлга киритди.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида “Best Tourism Village 2023 Awards” (2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи) номинацияси бўйича Навоий вилоятидаги Сентоб қишлоғи ғолиб бўлди.
Дунёдаги энг машҳур туристик нашриётлардан бири “Lonely Planet” халқаро нашриёт компанияси томонидан 2024 йил учун “Ўзбекистон – энг яхши саёҳат маскани” номинацияси ғолиби бўлганлиги муносабати билан махсус сертификат топширилди.
“World of Statistics” Ўзбекистонни 2024 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши давлатлар рўйхатига киритилганини эълон қилди. Бу хорижий туристлар сони ортиши, туризм экспорти ҳажмининг ошиши ҳамда Ўзбекистоннинг янада дунёга танилишига хизмат қилади.
“Ўзбекистон – 2030" стратегиясида ташқи ва ички туризмни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, хорижий туристлар сонини 15 миллионга, ички сайёҳлар сонини 25 миллионга, зиёрат туризми бўйича келадиган туристлар сонини 3 миллион нафарга ошириш кўзда тутилган.
Хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига республикада 30 та йирик туризм кластери ташкил этилади, меҳмон ўринлари сони камида 2 баробарга оширилади, тоғли ҳудудларда 25 та дор йўллари қурилади, туризм маҳаллалари сони 175 тага етказилади.
Туризм хизматлари экспорти 5 миллиард, тиббиёт ва таълим туризми экспорти эса йилига 1,5 миллиард долларга етказилади.
“Кўҳна тарих дурдоналари” миллий дастури ишлаб чиқилади ҳамда унинг доирасида маданий мерос объектлари реставрация қилинади, ёдгорликларда “очиқ осмон музейлари" ташкил этилади.
Умуман олганда, “Ўзбекистон – 2030» стратегиясида назарда тутилган туризмни ривожлантиришга оид вазифалар аҳоли даромади ошиши, янги иш ўринлари яратилиши, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Искандар ЎРОҚБОЕВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бош мутахассиси.
ЎзА