2026-2027 йилларда туризм ва унга ёндош соҳаларда 40 мингта иш ўрни ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2026-2027 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Қарорга кўра, туризм ва унга ёндош соҳаларда 24 мингта янги иш ўрни яратилади ҳамда 16 мингта иш ўрнини “соядан чиқариш” орқали жами 40 мингта иш ўрни ташкил этилади.
Соҳани лойиҳавий бошқарув тизимига ўтказиш орқали 31 та туризм объекти ташкил этилади ва уларнинг фаолияти ривожлантирилади.
Жойлаштириш воситалари сони 8 250 тага, улардаги хоналар сони 95 мингтага, шундан меҳмонхоналар сони 1 380 тага ҳамда улардаги хоналар сони 45 мингтага етказилади.
Туризм қўмитасининг "Жозибадор манзил - лойиҳа - инфратузилма - тадбиркор - тарғибот - сайёҳ" занжири бўйича лойиҳа бошқаруви асосида:
а) 34 та туризм объектининг мастер режаси ишлаб чиқилади;
б) 31 та туризм объекти фаолияти ташкил этилади ҳамда ривожлантирилади.
Иқисодиёт ва молия вазирлиги туризм салоҳияти юқори бўлган маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун республика бюджетидан 2026 йилда 450 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилади, бир ой муддатда ушбу маблағлар ҳисобидан мазкур қарорда назарда тутилган лойиҳаларни молиялаштириш ишлари бошланади.
Туризм қўмитаси ҳузурида:
"Туристларга хизмат кўрсатиш маркази" давлат муассасаси негизида "Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси" давлат муассасаси;
"Ипак йўли" офиси" давлат муассасаси негизида "Туристик маҳсулотларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси" давлат муассасаси ташкил этилади.
Қарорга мувофиқ:
а) Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси республика ёки маҳаллий даражадаги барча турдаги туристик зоналар ва туристик кластерлар дирекция (департамент)лари фаолиятини умумий мувофиқаштирувчи муассаса ҳисобланади;
б) давлат муассасаси ҳисобланган туристик зоналар ва туристик кластерлар дирекция (департамент) раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари Туризм қўмитаси раиси билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;
в) 2026 йил 1 июндан бошлаб Туризм қўмитаси томонидан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич туристлар ташриф буюрувчи зиёратгоҳлар ҳудудларининг функционал жиҳатдан ажратилган чегараларини белгилаш ва мумкин бўлган ҳолларда кўп қаватли биноларни жойлаштириш орқали уларнинг ҳудудларини кенгайтириш ҳамда улардан фойдаланиш учун алоҳида дизайн-код жорий этилади;
г) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маданий мерос бошқармаларининг илмий-маслаҳат кенгашлари таркибига мустақил экспертлар, туроператор вакиллари ва гидлар киритилади;
д) туризм соҳасини барқарор ва комплекс ривожлантириш мақсадида лойиҳаларни амалга оширишда давлат органлари, тадбиркор ва инвесторлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда таълим ва эксперт ташкилотлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминловчи "давлат - бизнес - жамоатчилик - таълим" (Quattro) тизими жорий этилади;
ж) 2027 йилдан бошлаб йилига икки марта Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан сайёҳлар ўртасида танланма кузатувлар ўтказиш амалиёти жорий этилади.
ЎзА