2026-2027 йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга 270 триллион сўм йўналтирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, 2026-2027 йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, зарур молиявий ва инфратузилмавий шароитларни яратиш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилади.
Шундан:
а) эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг, шунингдек, тўғридан- тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларининг инфратузилмасини ривожлантириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм;
б) драйвер лойиҳалар доирасида - 5 триллион сўм;
в) танлаб олинган туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш дастурлари учун - 6 триллион сўм;
г) тижорат банклари томонидан кичик ва ўрта бизнес учун - 250 триллион сўм, шу жумладан, тадбиркорлик дастурлари доирасида 30 триллион сўм;
д) "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ томонидан камида 5 мингта тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун - 4 триллион сўмлик молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари.
2026 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида уларнинг тўлов қобилиятини баҳолаш учун харажатлар (солиқ, коммунал тўловлар, транзакцион операциялар ва бошқа ижобий кўрсаткичлар бўйича маълумотларни), товар айланмаси, экспорт операциялари каби давлат органлари ва хусусий сектор вакилларида шаклланган маълумотлар базаларида мавжуд маълумотлар орқали муқобил скоринг қилиш тизими жорий қилинади.
Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун устав капиталида давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш ва ундиришга 2027 йил 1 январга қадар мораторий эълон қилинади.
Мораторий даврида муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳолатлари бартараф этилганда қўлланилган жарималар бекор қилинади.
2026 йилдан бошлаб:
а) 2026-2028 йилларда жойлаштириш воситаларини ташкил қилиш учун камида 5 минг гектар ер участкаларини электрон онлайн аукционга чиқариш;
б) 2026-2028 йилларда тижорат банклари томонидан барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача қуйидаги миқдорларда кредитлар ажратилади:
вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, туризмга ихтисослашган туман (шаҳар)ларда қурилаётган меҳмонхоналар учун - 30 миллиард сўмгача;
бошқа ҳудудларда - 10 миллиард сўмгача;
в) ҳар йили сайёҳларнинг энг кўп эътиборини қозонган ва нуфузли халқаро платформаларда ижобий эътироф этилган жойлаштириш воситаларини аниқлаш ва тақдирлаш бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларига тенг танлов ўтказиш каби Туризмни ривожлантириш дастури жорий этилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб:
а) республика туман ва шаҳарларида (вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган туризм салоҳияти юқори бўлган туман (шаҳар)лар ва туристик зоналар бундан мустасно) жойлашган жойлаштириш воситалари учун туристик (меҳмонхона) йиғимни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби бекор қилинади;
б) оилавий меҳмон уйи сифатида тан олиш учун бир вақтнинг ўзида вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатиш мумкин бўлган ташриф буюрувчилар (туристлар) сони бўйича белгиланган чегара миқдори 2 баравар оширилади.
2026 йилдан бошлаб:
а) давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори ҳудудда шаклланган ижара тўловининг минимал бозор нархидан келиб чиқиб белгиланади;
б) давлат кўчмас мулкини ижарага бериш муддати 3 йилдан 5 йилгача оширилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб сайёр солиқ текширувини ўтказишда:
мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади;
мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
ЎзА