Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчилик такомиллаштирилади
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларида солиқ имтиёзларидан фойдаланишнинг узлуксизлиги таъминланиши, кичик бизнес субъектлари янада қўллаб-қувватланиши, уларга зарур шарт-шароитлар яратилиши белгиланмоқда.
Айрим ҳудудларда фаолият юритувчи тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратилиши, солиқ маъмуриятчилиги яхшиланиши, Яшил хайрия жамғармасига ажратиладиган ихтиёрий хайрия тарзидаги маблағлар ҳамда яшил боғларни барпо қилиш ва уларни парваришлаш тадбирлари учун йўналтирилган харажатлар солиқдан озод қилинишини назарда тутувчи тузатишлар киритилмоқда.

Таълим ташкилотларида фойдаланиш учун ваколатли давлат органи томонидан тавсия этилган ўқув-услубий мажмуани ва бошқа ўқув материалларини, шу жумладан, рақамли ва аудиовизуал шаклдаги ўқув материалларини реализация қилган тадбиркорлик субъектлари айланма солиқ солишдан озод этилмоқда.
Сенаторлар қонун солиқ имтиёзларидан самарали фойдаланиш яшил майдонларнинг кенгайишига, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва унинг даромадларини оширишга, ҳавонинг сифатини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратди.
Н.Абдураимова,
ЎзА