Мамлакатимиз мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш (етиштириш) ва уларнинг ташқи бозорларга экспортини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтган 2024 йилнинг январь-октябрь ойларида Қирғизистон Республикаси Ўзбекистондан 222 тонна қуритилган сабзавот импорт қилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 152,8 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Бу кўрсаткич 2023 йилнинг худди шу даврига нисбатан 61 фоизга ошган. Солиштириш учун, ўтган йили ушбу даврда 137 тонна маҳсулот импорт қилиниб, умумий қиймати 84 минг долларни ташкил этган эди.
Мазкур ўсиш бир нечта омиллар билан изоҳланиши мумкин. Биринчидан, Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш технологиялари соҳасидаги ютуқлари маҳсулот сифатини оширди. Қуритилган сабзавотлар, хусусан, соғлом ва узоқ муддат сақлашга яроқли маҳсулот сифатида, Қирғиз бозорида катта талабга эга бўлмоқда.
Иккинчидан, минтақадаги логистика имкониятларининг яхшиланиши ва Ўзбекистон-Қирғизистон савдо алоқаларининг кенгайиши ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажмини оширди. Қирғиз Республикаси озиқ-овқат саноати учун зарур хомашёларни Ўзбекистондан олиб, ички ишлаб чиқаришни ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Соҳа вакилларининг фикрича, мазкур тенденция икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкамланаётганидан дарак беради. Шу билан бирга, Ўзбекистон учун экспорт ҳажмларининг ўсиши қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантиришда муҳим туртки бўлиб, фермер хўжаликлари ва қайта ишлаш корхоналари даромадларининг ошишига хизмат қилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2024 йилда Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 15,7 фоизга ошган. Шунингдек, мавжуд қонунчиликка асосан, ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилиш тартиби жорий қилинган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА