2023 йилги Давлат бюджети лойиҳасига кўра, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ўзларининг жорий харажатларини мустақил қайта тақсимлаш ваколати берилмоқда.
Кичик ва ўрта бизнес ривожланишини рағбатлантириш мақсадида товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкасини 2 бараварга пасайтириш назарда тутилмоқда. 2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистонда 2022 йилда инфляция даражаси 12-12,3 фоиз атрофида бўлиши, 2023 йилда 9,5 фоизгача пасайиши кутилаяпти. Шунингдек, 2023 йилги Давлат бюджети харажатларида ижтимоий ҳимоя харажатларининг оширилиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу жиҳатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокамалар марказида бўлди. Йиғилишда кўриб чиқилган “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги”ги қонун лойиҳаси муҳокамаларида сўз олган депутатлар партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, тадбиркорлар синфини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги нормаларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Шунингдек, депутатлар Давлат бюджети асосий молиявий ҳужжат эканлигини таъкидлаб, унинг очиқ ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирдилар.
Йиғилишда Давлат бюджети лойиҳаси маъқулланганидан сўнг яна бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА