2017 йилда мамлакатимизнинг 5 та ҳудудида жойлашган 12 та корхонада 8,9 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда цементга бўлган талабнинг юқорилиги, бозорни ривожлантиришнинг катта салоҳияти ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ушбу йўналишда юқори кўрсаткичларга эришишда муҳим омил бўлди.
Шундан келиб чиқиб, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари 2017-2023 йилларда мамлакатимизда цемент саноатининг ривожланиш динамикасини ўрганди.
Унга кўра, турли ҳудудларда энергия тежовчи “қуруқ” технологиялар асосида 25 та янги цемент ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилган ва уларнинг умумий қуввати 26,6 миллион тоннага етган.
2023 йилда Ўзбекистонда 15,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилди ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган цемент миқдори 431 килограммга етди. Бу кўрсаткич 2022 йилда дунё миқёсида 510 килограммни, Хитойда 1490 килограммни, Саудия Арабистонида 1460 килограммни, Вьетнамда 1220 килограммни, Туркияда 980 килограммни, Россияда 420 килограммни, АҚШда 280 килограммни ташкил қилган.
2023 йилда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдагига нисбатан 74,1 фоизга, аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш эса 55,6 фоизга ошди. Бу эса бозордаги талаб ва эҳтиёжлар тўлиқ таъминланмаганини кўрсатмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА