2020 йилнинг якунига қадар 91 та пахта-тўқимачилик кластер лойиҳалари амалга оширилади
Маълумки, тўқимачилик мамлакатимизнинг етакчи саноат турларидан бири ҳисобланади.
Маълумки, тўқимачилик мамлакатимизнинг етакчи саноат турларидан бири ҳисобланади.
Асрлар давомида аждодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтиб келаётган ушбу саноат тури бугунги кунда энг инновацион соҳа сифатида шаклланди.
Йиллар давомида дунё бозорига пахта хомашёсини етказиб берувчи давлат сифатида тавсифланган Ўзбекистон бугун дунёнинг етакчи тўқимачилик маркази сифатида баҳоланмоқда.
Тарихда пахта масаласида турли давлатларнинг сиёсий ўйинлари қурбонига айланган Ўзбекистон ҳар қандай тўсиқ ва чекловларга қарамай дунёнинг 60 га яқин давлатларига пахта экспортини йўлга қўйди ва жаҳон тўқимачилик бозорида ўз ўрнини эгаллашга улгурди.
Бундай натижаларга эришиш осон кечмади, албатта.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришга қаратилган 17 та Президент ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Уларнинг самараси ўлароқ сўнгги уч йил ичида тўқимачилик соҳасида ишлаб чиқариш деярли икки баробар кўпайди ва пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 2016 йилдаги 410 минг тоннадан 2019 йилда 760 минг тоннагача, маҳсулот экспорти қиймати 2 миллиард долларгача ошди.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарида ишловчилар сони 160 мингдан 250 минг кишига кўпайди.
Ҳар йили мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва янги қувватларни ишга тушириш ҳисобига қўшимча янги иш ўринлари яратилмоқда, шу жумладан ишчи кучи кўп бўлган ҳудудларда йилига 15 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланмоқда.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида тўқимачилик саноатида пахта-тўқимачилик кластерларни ташкил этиш ва пахта толасини чуқур қайта ишлаш эвазига юқори қийматли маҳсулотлар ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2017 йилда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида мамлакатимиздаги биринчи пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 53-сонли ва 2018 йил 31 мартдаги “ Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ”ги 253-сонли қарорлари ҳуқуқий базаси шакллантирилди.
Қарорлардан кўзланган асосий мақсад пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ҳамда оқилона фойдаланиши, ҳосилдорликни ошириши ва энг асосийси республикада пахта терими чоғида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай турига барҳам беришдан иборат эди.
2018 йилда республика пахта майдонларининг 156 минг гектар ер майдонларида 15 та пахта-тўқимачилик кластер лойиҳалари амалга оширилган бўлса, 2019 йилда 701 минг гектар ер майдонларида 75 та пахта-тўқимачилик кластер лойиҳалари амалга оширилиб, 2,0 миллион тонна пахта йиғиштириб олинди ва ўз олдига қўйилган режани тўлиқ бажаришга эришилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, республикамизнинг 40 та туманида ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерлари янги технологияларда ишни ташкил қилганлиги туфайли сўнгги 10 йил ичида биринчи марта йиллик ҳосилдан юқори ҳосил олинди.
Пахта теримига 160 дан ортиқ Тошкент Трактор заводи ҳамда АҚШнинг “John Deere”, “CNH” каби компанияларида ишлаб чиқарилган янги пахта териш машиналари сотиб олинди ва сўнгги 40 йил давомида биринчи маротаба улар янгиланди.
Жорий йилда 4 минг 600 гектар пахта экин майдонларига томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди. Исроилнинг “Netafin”, Хитой Халқ Республикасининг “Qingdao Flourish Textile Machinery CO LTD” ва кўплаб маҳаллий сувни тежовчи қурувчи ташкилотлар томонидан томчилатиб суғориш технологияси қуриб битказилиб мазкур технология бўйича пахта экин майдонлари суғорилди.
2020 йилнинг якунига қадар 117 та туманда 91 та пахта-тўқимачилик кластер лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Бу республика умумий пахта экини майдонининг 87 фоизи демакдир.
Бундан ташқари,юртимизда илк маротаба кластерлар томонидан органик пахта етиштирилишига эришилди . Бунда “Textile Technologies Group” корхонаси ва Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари ҳамкорлигида ҳеч қандай кимёвий ёки бошқа усуллардан фойдаланмаган ҳолда органик пахта етиштирилди ва Европанинг сертификатлаш компанияси томонидан сертификатланди.
Соҳани янада ривожлантириш бўйича Туркия, Корея, Хитой, Сингапур, Ҳиндистон инвесторлари ва маҳаллий ташаббускорлар иштирокида замонавий энергия тежамкор ускуна ва дастгоҳлар ўрнатиш ҳисобига республиканинг барча ҳудудларида тўқимачилик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Фақатгина 2017 йилнинг ўзида умумий қиймати 260,7 миллион долларлик 33 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 5140 янги иш ўрни яратилди. 2018 йилда умумий қиймати 550,7 миллион доллар бўлган 60 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди ҳамда 10600 янги иш ўринлари яратилди.
Шунингдек, 2019 йилда умумий қиймати 814,0 миллион доллар бўлган юқори технологияли 91 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди ва 17500 янги иш ўринлари яратилишига эришилди.
Уч йил олдин бирорта ҳам саноат корхонаси бўлмаган ҳудудларда янги замонавий корхоналар ташкил қилинди.
Инвестиция дастурларини амалга ошириш натижасида импорт ўрнини босувчи янги турдаги тўқимачилик маҳсулотлари - жинси матолари, аралаш ип калава ва ундан трикотаж мато, ип газламалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Дунёнинг таниқли кийим брендлари ва савдо марказлари, жумладан, “Hugo Boss”, “Oodji”, “DeFacto” ва бошқалар “Uztextile” ёрлиғи остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни асосий буюртмачисига айландилар.
Тўқимачилик саноатидаги ютуқларни намойиш этиш халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонни Ўрта Осиёнинг тўқимачилик марказига айлантириш мақсадида Тошкентда илк бора Халқаро тўқимачилик кунлари –“Global Textile Days Tashkent” ўтказилди.
Тўқимачилик кунлари доирасида конференциялар, амалий семинарлар, кўргазмалар, брифинглар, тайёр кийим намойишлари, бизнес сафарлар ташкил қилинди ва уларда 10 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди.
Маълумки, кийим ва мода саноатида ўз сўзини айта оладиган давлатлар кўп эмас. Енгил саноат соҳаси ривожланган давлатларда асосан ўз миллий брендлари шаклланган. Булар, Италия, АҚШ, Германия, Франция, Испания каби давлатлар ҳисобланади.
Миллий брендларни яратиш ва халқаро миқёсга олиб чиқиш тўқимачилик саноатида муҳим вазифалардан ҳисобланади. Ҳозирда, “ Buka”, “Samo”, “Ideal”, “Bonito kids”, “TMT”, “Fadolli Ricci”, “Feru” каби номдор ўзбек брендлари шаклланди ва дунё бозорида етакчиликни эгаллади.
Корея технологияларни ривожлантириш институти (КIАТ) билан ҳамкорликда Корея давлатининг 15,0 миллион долларга тенг грант маблағлари ҳисобига “Uz-Kor Textile Technopark” ўқув-амалий тўқимачилик технопарки ташкил қилинди.
Мазкур тўқимачилик технопарки ўқув мажмуаси замонавий ўқув ва тўқимачилик соҳасидаги лаборатория ускуналари, компьютерлар ва бошқа офис жиҳозлари, кутубхона фондлари билан жиҳозланган. Таълим муассасасида тўқимачилик, дизайн, мода, сертификатлаштириш, маркетинг ва бошқа соҳаларда юқори малакали мутахассислар, профессор-ўқитувчиларни халқаро стандартлар даражасида тайёрланади.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда тўқимачилик саноати Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида энг муҳим стратегик саноат соҳасига айланди.
Мамлакатимиз саноатининг 20 фоиз маҳсулотини етказиб берувчи, халқ истеъмоли моллари билан бевосита бозорга чиқувчи, аҳоли бандлиги ва экспорт салоҳиятини юксалтирувчи тармоқ сифатида бу соҳа миллий иқтисодиёт ва саноат ишлаб чиқариш салоҳиятини ўстиришда энг етакчи тармоқларда бири ҳисобланади.