150 га яқин ёшлар курсни тамомлашди
Сирдарё вилояти Ёшлар марказида «SMM AI Savodxon» курсининг навбатдаги офлайн машғулоти ўтказилиб, уни муваффақиятли якунлаган 22 нафар ёшга сертификатлар топширилди.
Ёшларни замонавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган мазкур лойиҳа Ёшлар ишлари агентлиги, Алоқабанк ҳамда Контент маркази ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.


— «SMM AI Savodxon» ёшларга SMM, контент яратиш, ижтимоий тармоқлар билан ишлаш ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўникмалар беради. Лойиҳага қизиқиш йилдан-йилга ортиб, иштирокчилар сафи кенгаймоқда. Бугунги кунга қадар 150 га яқин сирдарёлик ёш курсни тамомлаб, сертификатга эга бўлди. Энг муҳими, уларнинг аксарияти олган билимлари асосида танлаган йўналишида иш фаолиятларини йўлга қўйиб, даромад топишмоқда, — деди Сирдарё вилояти Ёшлар бошқармаси бошлиғи Бобур Акрамов.

Курс 1,5 ой давом этади. Машғулотлар онлайн дарслар ва ҳар шанба куни Ёшлар марказида ўтказиладиган офлайн мастер-класслар шаклида ташкил этилади. Бу иштирокчиларга назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, мутахассислардан бевосита тажриба ва тавсиялар олиш имконини беради.
Лойиҳа доирасидаги «SMM мактаб» курсларида иштирокчилар ижтимоий тармоқлар учун контент тайёрлаш, рақамли платформалардан фойдаланиш ва аудитория билан самарали мулоқот қилиш усулларини ўзлаштиради. Шунингдек, фриланс фаолиятини йўлга қўйиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун зарур амалий кўникмаларга эга бўлади.


Курсни муваффақиятли тамомлаганларга махсус сертификатлар, шунингдек, банкнинг махсус пластик карталари тақдим этилади.
Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги шароитда SMM, контент яратиш ва сунъий интеллект билан ишлаш кўникмалари ёшлар учун янги касбий имкониятларни очмоқда. Шу жиҳатдан, лойиҳа нафақат билим бериш, балки ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши ва мустақил даромад манбаини шакллантиришига кўмаклашмоқда.


— Энг муҳими, ушбу ташаббус доирасида ёшларни замонавий касбларга йўналтириш, рақамли саводхонлигини ошириш ва меҳнат бозорида рақобатбардошлигини кучайтиришга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Бу эса уларга замонавий касбларни пухта эгаллаш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, мустақил даромад манбаини яратиш ва келгусида муносиб иш ўрнига эга бўлиш имконини беради, — дейди Сирдарё вилояти Ёшлар бошқармаси бошлиғи Бобур Акромов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири