14 миллиардлик тендер нега бекор қилинди?
Тендер ўтказилди. Иштирокчилар шартларни кўриб, савдога киришди. Аммо кейин маълум бўлдики, бу шартларнинг айримлари рақобат учун саволли экан.
Гап эса оддий харид ҳақида эмас — бошланғич қиймати 14 миллиард сўм бўлган тиббий жиҳозлар савдоси ҳақида кетмоқда.
Масала Рақобат қўмитасига “Skymed-Technologies” МЧЖнинг мурожаатидан сўнг ўрганилди. Текширув давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Харидлар маркази давлат муассасаси томонидан ўтказилган тендер шартларида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар мавжудлиги аниқланди.
Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани қайд этилгач, 14 миллиард сўмлик тендер бекор қилинди.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу ерда масала фақат битта тендернинг тақдирида эмас. Давлат харидида қўйилган ҳар бир талабнинг ўзи рақобатга таъсир қилиши мумкин. Шу боис бундай савдоларда шартларнинг кимгадир қулай ёки ноқулайлиги эмас, улар барча иштирокчилар учун бир хил имконият яратадими-йўқми, деган савол муҳим.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА