1-синфга қабул: уйингиз қайси мактабга бириктирилганини қандай билиш мумкин?
Янги ўқув йили арафасида фарзандини 1-синфга жойлаштиришни режалаштираётган ота-оналарни қизиқтираётган асосий саволлардан бири, яшаш манзили қайси мактабга бириктирилгани ва бошқа мактабга ҳужжат топшириш тартибидир.
Амалдаги тартибга кўра, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлиги қарори билан умумтаълим мактаблари учун микроҳудудлар белгиланади. Маҳаллалар, кўчалар ва кўп қаватли уйлар муайян мактабларга бириктирилади.
Фуқаролар my.maktab.uz электрон платформасига кириб, яшаш манзилига оид маълумотларни киритиш орқали уйи қайси мактаб микроҳудудига тегишли эканини осонгина аниқлаши мумкин.
Агар ўқувчи учун микроҳудуд бўйича онлайн ариза юборилган бўлсада, унинг яшаш жойига яқинроқ жойлашган мактабда бўш ўринлар мавжуд бўлса, 1 августдан кейин my.maktab.uz платформаси орқали микроҳудуддан ташқаридаги мактабга ҳам қабул учун ариза топшириш мумкин.
Агар ўқувчи 1-синфга бўш ўрин асосида ушбу мактабга қабул қилинса, аввал микроҳудуд бўйича юборилган ариза тизим томонидан автоматик тарзда бекор қилиниб, янги танланган мактабга ўтказилади.
Шу боис ота-оналарга қабул жараёнида электрон платформадаги маълумотларни мунтазам кузатиб бориш ва белгиланган муддатларга амал қилиш тавсия этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА