Улуғбeк расадхонаси ёйини тикласа бўладими?
Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги олдидан
ХIV–ХV асрларда Марказий Осиёда, Амир Темур барпо этган улкан давлатда маданий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт, илм-фан, меъморчилик, адабиёт ҳамда санъат жадал тараққий этгани тарихдан маълум. Бу юксалишлар мажмуи жамият тараққиётида Темурийлар ренессанси сифатида эътироф этилади. Унинг энг ёрқин намояндаларидан бири Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек эди.
Улуғбекнинг бой илмий мероси узоқ йиллар давомида изчил ўрганилиб келинмоқда ва бу жараён ҳали давом этмоқда. Айниқса, ХХ аср ва ХХI аср бошларида бу борада муҳим натижаларга эришилди: Улуғбек шахси жаҳон миқёсида кенг тарғиб этилди, тарих фанлари доктори, профессор Ашраф Аҳмедов томонидан Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари ўзбек тилига таржима қилиниб, илмий тадқиқ этилди ҳамда ўзбек, рус, инглиз ва хитой тилларида нашр қилинди.
Шу билан бирга, Улуғбек расадхонаси ва ундаги астрономик жиҳозларни тўлиқ ўрганиш масаласи ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда.

Фалакиёт илми тарихида Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд расадхонаси Европа Ренессанси даврига қадар дунёдаги энг мукаммал давлат расадхоналаридан бири ҳисобланган.
Бугунги кунда Самарқандда “Улуғбек расадхонаси” номи билан машҳур бўлган ёдгорлик аслида тўлиқ расадхона биноси эмас. У Мирзо Улуғбек томонидан яратилган асосий астрономик қурилма – бинога уйғунлашган улкан деворий квадрант (қўшёйли квадрант) ҳисобланади.
Маълумки, Улуғбек 1420-1424 йилларда бунёд қилинган расадхонада 30 йиллик астрономик кузатишлар тугаши билан фавқулодда вафот этади. Унинг шоҳ асари “Зижи Жадиди Кўрагоний” мукаммал тугалланмай қолади. Шунда Улуғбекнинг шогирди, “фарзанди аржуманди” Али Қушчи устози ишини давом эттиришга қарор қилади ва 20 йил давомида расадхонада меҳнат қилиб, “зиж”ни мукаммал тугатади ва уни олиб Туркияга сафар қилади. ХVII асрда инглиз олими Жог Гривс (1602 – 1652) Туркияга сафари чоғида Али Қушчи Туркияга олиб келган “Зижи Жадиди Кўрагоний” асари бир нуcхасини қўлга киритади. 1648 йилда Самарқанддаги машҳур Улуғбек расадхонасида бажарилган асосий ишларнинг кичик бир қисми биринчи марта Оксфордда нашр этилди. Асарни Оксфорд университети кафедра профессори Жон Гривс шарҳлаб, нашрга тайёрлади. Бу даврда Европада Самарқанд расадхонаси ҳақида маълумотлар кам бўлиб, Улуғбек расадхонасига қизиқиш уйғонди. Археолог В.Вяткин 1908-1909 йилларда кўп уринишлардан сўнг Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Абу Тоҳирхожа (вафоти 1874 й.)нинг “Самария” асарлари ва ХVII асрга оид вақф ҳужжатлари асосида Улуғбекнинг Самарқанддаги расадхонасини топади. Бу манбаларда Улуғбек расадхонаси (Таллирасад) – расадхона тепалиги Обираҳмат ариғи яқинидаги “Нақши Жаҳон” деган манзилда жойлашганлиги ёзилган ва шу маълумотларга асосан қазиш жараёнида, чуқурлиги 11 метр, кенглиги 2,5 метр бўлган хандақда, Улуғбек ихтироси, расадхонанинг бош асбоби, жиҳоз-бино қўшёйли деворий квадрантнинг бир қисми аниқланди. Шундан бошлаб мазкур жиҳознинг қиёфаси қандайлиги кун тартибида долзарб муаммога айланди. Жумладан, квадрант ёйи. 1980 йилда собиқ иттифоқнинг “Земля и селенная” журнали 5-сонида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Республика астрономия институтининг директори В.Щегловнинг “Улуғбек квадранти плиталарини излаймиз?” номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада қайд қилинишича, археологик қазишмаларда топилган жиҳознинг ёйи бир-бирига зич жипслаштирилган кулранг мармар плиталардан ташкил топган. Уларнинг бир томони айлана юзаси бўйлаб силлиқланган, кенглиги 29 см, қалинлиги 10 дан 20 см гача бўлиб, ҳар бир плитанинг вазни қарийб 100 килони ташкил этади. Квадрант ёйнинг ярми (45° гача) ер остида жойлашган, қолган қисми эса ер сатҳидан 29 метргача баландликка кўтарилган. Афсуски, асбобнинг ер остидаги ёйининг фақат 57° дан 90° гача бўлган қисми сақланиб қолган. Бундан ташқари, ёйнинг ер усти қисмига тегишли 19°, 20° ва 21° ли иккита плита ҳамда шарқий ёйнинг 1° га мос келувчи сўнгги юқори плитасининг чети топилган. Реставрация жараёнида бу плита жиҳознинг шарқий ёйига йўналиши 180° га фарқ қилган ҳолда хато ўрнатилгани маълум бўлди.
Бугунги кунга келиб, асбобнинг 57° дан 90° гача ва 19° дан 21° гача бўлган икки ёйини қамраб олувчи жами 60 та плита сақланиб қолган. Асбоб ёйининг 1° дан 18° гача ҳамда 22° дан 56° гача бўлган қисмларига тегишли плиталар топилмаган. Плитанинг ўртача узунлиги 80 см эканлигини ҳисобга олинса, бедарак кетган плиталар сони 100 га яқин бўлиши керак, яъни бу сақланиб қолганларидан деярли икки баравар кўпдир.
Расадхона вайрон қилинганидан бери ўтган вақт мобайнида улкан мармар плиталар буткул йўқ бўлиб кетиши мумкин эмас. Хўш, улар қаерда? Катта эҳтимол билан узунлиги бир метрга яқин бўлган, силлиқланган юзасида ўзига хос ариқчалари бор ушбу мармар монолитлар Самарқанд шаҳри ёки унга яқин бўлган қишлоқларда бўлиши мумкин. Йўқолган юзта плитадан, ҳатто, икки-учтасининг топилиши ҳам фан учун улкан аҳамиятга эга. Лекин мурожаатларимиздан ўтган давр давомида муаммо ўз ечимига эга бўлмади.
Инсон боумид…
Мутрибий Самарқандийнинг “Нусхайи зебоий Жаҳонгир” тазкираси қўлёзмасининг Англияда сақланаётган нусхаси микрофильми профессор Ашраф Аҳмедов томонидан юртимизга олиб келинди. Ушбу манба кейинчалик олим Исмоил Бекжонов томонидан ўрганилиб, Эронда форс тилида нашр этилди.
Мазкур манба асосида Мирзо Улуғбек расадхонасининг сўнгги тақдирига ҳам муайян аниқлик киритилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1996 йил 5 апрель сонида чоп этилган “Улуғбек расадхонасининг биз билмаган тарихи” ҳамда 2006 йил 13-сонидаги “Улуғбек расадхонасини ким буздирган?” номли мақолаларда батафсил сўз юритилган.
Қайд этилишича, Али Қушчи Туркияга кетгач, Мирзо Улуғбек барпо этган астрономик мажмуа қарийб юз йил давомида қаровсиз ҳолда қолиб, аста-секин вайронага айланган.
1580-1592 йилларда (1424 – 1580/1593 = 156 / 168) Самарқанд ҳокими Ҳожибий Отолиқ Дўрмон ул ўхшаши йўқ латиф иморатни бузиб ташлаб, ғишт ва бошқа қурилиш анжомларини Шодмулк Оқо ( ХIV асрнинг иккинчи ярми – ХV аср бошларида яшаган) кўпригини таъмирлашга ишлаттирди. Шодмулк Оқо Кўҳак суви (дарёси) устига қурдирган кўприк, Султон Саъид (1551, 1557 — 1572 йиллари Самарқандда хонлик қилган) замонида ўтиш жойи бўлган тоқининг ўртасидан анча жойи ўпирилиб тушган ва ҳар икки томонидан бир қарич миқдорда сақланиб қолган. Ҳожибий Отолиқ Дўрмон (мазкур расадхона ғиштларидан) бу бузилган тоқ ёнига яна бир тоқ қурдирди. Лекин бироз вақтдан сўнг сув тошқини рўй бериб, уни таг-туги билан қўпориб ташлади. Расадхона харобаси вақт ўтиши билан тупроқ остида кўмилиб кўздан ғойиб бўлади.
Ўтган давр давомида Самарқандда такрор ва такрор бўлган пайтларимизда, олим ва мутахассислар билан мулоқот қилинганида юқорида қайд қилинган Кўҳак дарёсида бунёд бўлган Шодмулк Оқо кўприк жойини аниқлаб бўлмади.
Халқ хотираси кучли! Балки бизнинг ёзганларимизни ўқиганлар ва бу ҳақдаги маълумотлардан бахобар бўлган самарқандликлар ёки бошқа юртдошларимиз бу тўғрисида хабар берсалар, айни муддао бўларди.
Саидбаҳром Азизов,
ЎзФА Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими, астроном.
ЎзА