Ёзёвонда чигит рангли плёнка остига экилмоқда
Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини жойларда ўрганиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ёзёвон туманига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида вазир, аввало, "Юқори" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган деҳқон хўжаликлари ер майдонларида бўлди. Бу ерда етиштирилаётган полиз маҳсулотлари — тарвуз ва қовоқ экинларининг ҳолати билан яқиндан танишди. Экинларни парваришлашда қўлланилаётган агротехник тадбирлар, сувдан тежамкор фойдаланиш, ҳосилдорликни оширишга қаратилган замонавий усуллар хусусида масъуллар, деҳқонлар билан мулоқот қилди.

Шунингдек, вазир ташриф давомида “Умид” фермер хўжалигида бўлиб, чигит экиш ишлари, замонавий ёндашувлар ҳамда ғўзапоядан тайёрланган “Биочар” маҳсулотини тайёрлаш ва ундан фойдаланиш жараёни билан танишди. Мутасаддиларга биочардан самарали фойдаланиш орқали унумдорликни ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш бўйича зарур тавсиялар берди.

Алоҳида таъкидланган жиҳатлардан бири — чигит экиш жараёнида қизил ва кўк рангли плёнкалардан фойдаланиш амалиёти бўлди. Бу борада Ёзёвон тумани республика миқёсида илғор ҳудудлардан бири сифатида эътироф этилди. Мазкур усулнинг афзалликлари — тола узунлиги 5 мм гача ортади, кўсаклар сони кўпаяди, ўсимлик ўсишини тезлаштириш, ҳосилдорликни ошишига ҳамда эрта пишишига хизмат қилади.

Ташриф якунида соҳани янада ривожлантириш, фермер ва деҳқонларни қўллаб-қувватлаш, илғор технологияларни кенг жорий этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди. Ёзёвон туманида амалга оширилаётган ишлар, айниқса инновацион ёндашувлар бошқа ҳудудлар учун ҳам намуна бўлиши таъкидланди.
Азимжон Худойқулов,
Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг раҳбари. ЎзА