Фуқаролар овози ҳокимият эътиборида
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги Янги Ўзбекистон маҳалласида аҳоли мурожаатлари ва уларни ҳал этиш доимий эътиборда. Шу мақсадда туман ҳокими Абдураҳим Умаров раҳбарлигида туман ташкилотлари ва идоралари раҳбарлари иштирокида оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Тадбирда маҳалла аҳолиси ижтимоий, коммунал, бандлик, уй-жой ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилди. Ҳар бир муаммо жойида тингланиб, тегишли идораларга йўналтирилди ва уларни ҳал этиш учун аниқ топшириқлар берилди. Бу жараён аҳоли масалаларига тез ва самарали ечим топишда муҳим аҳамият касб этди.

Мурожаатлар турли соҳаларда келиб тушди: моддий ёрдам — 4 та, тадбиркорлик — 2 та, уй-жой ва кадастр — 6 та, оқава ва ичимлик суви — 7 та, ички йўл ва чиқиндиларни олиб чиқиш — 4 та, электр энергия ва газ таъминоти — 3 та, солиқ ва кредит масаласи — 3 та, бандлик ва ижтимоий ҳимоя — 8 та, даволаниш — 5 та.
Сайёр қабул жараёни фақат мурожаатларни қайд этиш билан чекланмади. Бу — маҳалла аҳолиси ва ҳокимият ўртасида очиқ мулоқот, муаммоларни биргаликда ҳал этиш ва маҳаллани ривожлантиришда муҳим қадам эди.
Янги Ўзбекистон маҳалласи аҳоли вакили Санобар Ашурова тадбир ҳақида шундай фикр билдирди:

– Сайёр қабул биз учун катта имконият бўлди. Мурожаатларимизни эшитишлари ва уларни ҳал қилиш учун аниқ топшириқлар беришлари фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қанчалик муҳим эканини кўрсатди. Биз ўз масалаларимизни эркин баён қилиш имконига эга бўлдик, бу эса маҳаллани ривожлантиришдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, – деди Санобар Ашурова.

Энг муҳими, Янги Ўзбекистон маҳалласида ўтказилган сайёр қабул ҳар жиҳатдан аҳоли вакиллари учун жуда фойдали бўлди. Улар кўп йиллардан бери қийнаб келаётган масалаларига бир идорадан бошқа идорага югуриб, сарсон бўлиб юрмай, маҳалла ҳудудида тўғридан-тўғри масъул шахслардан аниқ ва ишончли жавоб олдилар. Бу нафақат муаммоларни самарали ҳал этиш имконини берди, балки аҳоли ва ҳокимият ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлади.
Ғулом Примов, ЎзА