Ватан посбонлари тантанали кузатилди
Сирдарё вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари сафида муддатли ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаб, ўз бурчини шараф билан адо этган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Гулистон шаҳридаги темир йўл вокзалида ташкил этилган мазкур тадбир эсда қоларли, самимий ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой тарзда ўтди.
Мазкур маросимда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари масъул ходимлари, Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари, шунингдек, фахрийлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган ҳарбий қисм қўмондони ўринбосари, подполковник Иброҳим Нурматов хизматни шараф билан адо этган аскарларни самимий табриклаб, уларга эзгу тилаклар билдирди ҳамда келгусидаги ҳаёт йўлларида муваффақиятлар тилади.
[gallery-28928]
Қайд этилишича, ўтган хизмат даври мобайнида 21 нафар ҳарбий хизматчи намунавий интизоми, юксак масъулияти ҳамда давлат чегараси дахлсизлигини таъминлашдаги фаол иштироки учун Давлат хавфсизлик хизмати раиси номидан “Миннатдорчилик хати” билан тақдирланган. Шунингдек, 83 нафар муддатли ҳарбий хизматчига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун 50 фоизли имтиёзли тавсияномалар топширилиб, бу уларнинг келгусидаги таълим ва касбий тараққиёти учун муҳим омил сифатида баҳоланди.
Бундан ташқари, хизмат давомида ўзини ижобий томондан кўрсатган ҳамда юқори натижаларга эришган 90 нафар ҳарбий хизматчи Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарияти ва Чегара қўшинлари қўмондонлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, 2 нафар ҳарбий хизматчи давлат чегараси орқали гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига қарши курашда фаол иштирок этгани учун III даражали “Чегара қўриқчиси” кўкрак нишони билан мукофотланди. Яна 15 нафар ҳарбий хизматчи эса фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланиб, уларнинг хизмат давомида намоён этган садоқати, юксак интизоми ҳамда масъулиятли ёндашуви алоҳида эътироф этилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА