Хонқада жут ўсимлигини экиш ишлари бошланди
Жут - экологик тоза ва иқтисодий аҳамияти юқори бўлган техник ўсимлик ҳисобланади. “Олтин тола” номи билан машҳур ушбу экиндан арқон, мато ва турли саноат маҳсулотлари тайёрланади.
Хоразм вилоятининг Хонқа туманида жами 21 гектар майдонга жут ўсимлиги экилган.
Бу эса ҳудуд аграр соҳасидаги янги ва муҳим қадамлардан бири бўлди.
“Олажа” қишлоғи ҳудудидаги “Оқсоқли Саъдулла Потти” фермер хўжалигининг жами ер майдони 90 гектар бўлиб, пахта - ғаллачилик йўналишига ихтисослашган. Бироқ фермер хўжалигида 5 гектар майдонга жут экини ҳам экилди.
- Бу ўсимлик асосан иқлим шароити иссиқ бўлган Бангладеш, Ҳиндистон, Хитой ҳамда Жанубий-Шарқий Осиёнинг бир қатор давлатларида кенг етиштирилади, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Аҳмаджон Абдуллаев. - Айниқса, Бангладеш дунёдаги энг йирик жут экспортчиларидан бири саналади. Бизнинг Хоразм иқлимида ҳам ёз фасли жуда иссиқ бўлди. Шу сабабдан бу ерда экин ўзини бегона сезмайди. Ўтган йили туманимиздаги айрим фермерлар шу экиндан экиб яхши фойда олишди. Биз ҳам яхши умидлар билан уруғ қададик.
Жут ўсимлиги жаҳон бозорида табиий, экологик тоза толаси билан жуда қадрланади. Ундан асосан сифатли қоплар, арқонлар, гилам асослари, қурилиш материаллари ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
[gallery-29705]
Хоразмда гиламчилик соҳаси ривожланганлиги сабабли ушбу экин маҳсулотини экспорт қилишга ҳам ҳожат йўқ. Сабаби воҳалик ҳунарманд ва гилам ишлаб чиқарувчилар ушбу хом ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни аллақачон йўлга қўйишган.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА