Тошкентда тинч атом ва минтақавий хавфсизлик бўйича халқаро мулоқот бўлиб ўтди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Марказий Осиёнинг хавфсиз атом келажаги: ядровий қуролни тарқатмасликдан хавфларни бошқариш сари” мавзусида ядро қуролидан холи ҳудуд бўйича Тошкент мулоқоти ўтказилди.
Тадбир ЖИДУ ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Монтерейдаги Миддлбери халқаро тадқиқотлар институти қошидаги Жеймс Мартин номидаги Ядровий қуролни тарқатмаслик муаммоларини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари, СМТИ директори Элдор Арипов, Миддлбери халқаро тадқиқотлар институти Монтерей ташаббуси директори Анна Васильева ва бошқалар сўзга чиқиб, тинч атом, ядровий хавфсизлик ва минтақавий барқарорлик масалалари бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Улар қайд этганидек, мазкур мулоқот Марказий Осиёда ядровий хавфсизлик соҳасида халқаро мулоқотни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни ошириш ҳамда амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим майдон вазифасини бажаради. Шунингдек, тадбир доирасида ўзаро келишувлар, эксперт алмашинуви ва институционал ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари суриш имконияти яратилади.
Глобал ядровий ва геосиёсий вазият ўзгариб бораётган шароитда Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти ортиб бормоқда. Шу муносабат билан ядро қуролини тарқатмаслик режимини мустаҳкамлаш, ядровий ва радиологик хатарларни комплекс бошқариш, тинч атомдан фойдаланиш шароитида хавфсизликни таъминлаш ҳамда инфратузилманинг бардошлилигини ошириш устувор вазифалар сифатида айтиб ўтилди.
Асосий йўналишлар бўйича “Ўзатом” агентлиги, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ҳамда бошқа илмий-тадқиқот муассасалари ва халқаро экспертлар ядровий хавфсизлик, радиациявий барқарорлик ва экологик хавфсизлик соҳаларидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди. Мавзуга доир чиқишларда иштирокчилар тинч атомдан фойдаланиш шароитида хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш, ядровий циклнинг барча босқичларида назоратни кучайтириш, авария ва технологик хатарларнинг олдини олиш, миллий институтлар салоҳиятини ошириш ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директорининг ўринбосари Фахрулла Кунғуров ушбу мулоқот иштирокчилар учун ҳар жиҳатдан амалий аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Менинг фикримча, мазкур мулоқот ядровий хавфсизлик соҳасида амалий тажриба алмашиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим майдон ҳисобланади. Айниқса, ишлатилган ядровий ёқилғини хавфсиз ташиш бўйича амалга оширилган ишлар алоҳида аҳамият касб этади. Бу жараёнларда ядровий ёқилғи махсус транспорт-қадоқлаш контейнерларига жойлаштирилиб, автомобиль ва ҳаво транспорти орқали халқаро талабларга тўлиқ мос ҳолда ташилади. Шунингдек, суюқ ёқилғили тадқиқот реакторидан ядровий материални чиқариш ва уни вақтинча сақлаш билан боғлиқ барча босқичлар қатъий техник ва радиациявий хавфсизлик стандартларига мувофиқ амалга оширилади. Ушбу тажриба минтақада ядровий хавфсизлик тизимларини янада такомиллаштириш ва замонавий талаблар асосида ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади, – деди Ф.Кунғуров.
Шунингдек, халқаро экспертлар глобал хавфсизлик архитектурасидаги ўзгаришлар шароитида Марказий Осиёнинг стратегик ўрни ортиб бораётгани, ядро қуролини тарқатмасликдан ядровий ва радиологик хатарларни комплекс бошқаришга ўтиш зарурати ҳақида фикр билдирди.
Тадбирда онлайн иштирок этган CBRN йўналишида халқаро эксперт Маргарита Калинина-Пол хонимнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Марказий Осиё чуқур геоиқтисодий ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда.
– Халқаро транспорт йўлакларининг ривожланиши минтақа учун янги имкониятлар яратмоқда, бироқ шу билан бирга радиоактив материаллар ва ионлаштирувчи нурланиш манбаларининг трансчегаравий ҳаракати билан боғлиқ хатарлар ҳам ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, бу мулоқот нафақат фикр алмашиш, балки амалий ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни ишлаб чиқиш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш учун муҳим платформа ҳисобланади. Айниқса, иккиламчи металл хомашёсини ташиш масаласи алоҳида эътибор талаб қилади, чунки амалиётда айнан шу турдаги юкларда давлат назоратидан чиққан радиоактив манбалар учраши мумкин. Бу эса нафақат миллий, балки минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам жиддий хатар ҳисобланади, – деди у.
Тошкент мулоқоти Марказий Осиёда тинч атом ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш ҳамда барқарор ва масъулиятли атом келажагини шакллантиришда халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА