Сув хўжалиги тизимида 301 нафар ходим томонидан 243 коррупциявий жиноят содир этилган
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сув хўжалиги вазирлиги тизимида коррупциянинг олдини олиш, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда тизимдаги мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Таъкидланганидек, Миллий кенгаш томонидан коррупцияга қарши курашиш ишлари ҳудудлар ва соҳалар кесимида изчил ўрганилмоқда. Шу кунга қадар қатор ҳудудлар ва вазирликларда сайёр муҳокамалар ташкил этилган бўлса, бу гал асосий эътибор сув хўжалиги тизимидаги коррупциявий хавф-хатарларга қаратилди.
Қайд этилганидек, сув мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодий барқарорлиги учун стратегик аҳамиятга эга ресурс ҳисобланади. Шу боис соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат маблағларининг мақсадли сарфланиши ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Йиғилишда келтирилган рақамлар муаммонинг жиддийлигини кўрсатди. Маълум қилинишича, 2024-2025 йиллар ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида сув хўжалиги тизимида 301 нафар ходим томонидан 243 коррупциявий жиноят содир этилган. Бунинг оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 70 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Муҳокамаларда бюджет маблағларини талон-торож қилиш, сув тежовчи технологиялар учун ажратилган субсидияларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши, сув фонди ерларини бошқаришдаги қонунбузарликлар, рақамлаштириш ишларининг сустлиги ҳамда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар кескин танқид қилинди. Шунингдек, ўрнатилган «Ақлли сув» қурилмаларининг катта қисми ҳалигача тўлиқ самарали ишламаётгани қайд этилди.

Мажлисда коррупцияга қарши курашишда асосий эътибор алоҳида ҳуқуқбузарликларни аниқлашга эмас, балки уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилиши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 10 кун муддатда соҳадаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиб, Миллий кенгашга киритиш вазифаси юклатилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА