Сенатор ИҲТга аъзо давлатлар Парламентлар иттифоқи сессиясида иштирок этди
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобилжон Турсунов Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатлар Парламентлар иттифоқи конференциясининг 20-сессиясида иштирок этди.
"Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда парламентлараро ҳамкорлик орқали барқарор ва инклюзив иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш" мавзусига бағишланган мазкур нуфузли анжуман 40 дан ортиқ мамлакат парламент делегациялари, 10 дан зиёд давлат парламентлари раҳбарлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирди.
Тадбирда парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, барқарор ва инклюзив иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор масалалар муҳокама қилинди.

Сессия доирасида Бош қўмита, Ижроия қўмитаси, ИҲТга аъзо давлатлар парламентлари бош котиблари ассоциацияси ҳамда сиёсий масалалар ва халқаро муносабатлар, иқтисодий масалалар ва атроф-муҳит, ҳуқуқий ва маданий масалалар, цивилизациялар ва динлараро мулоқот, инсон ҳуқуқлари, хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича қўмиталар йиғилишлари ўтказилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА