Сайилгоҳ ва Садо кўчаларида сув муаммоси қачон ҳал этилади? (+видео)
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Пастки Сўлоқли” маҳалла фуқаролар йиғинининг Сайилгоҳ ва“Садо кўчаларида яшовчи аҳоли кўп йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммосидан азият чекмоқда. ЎзАга мурожаат қилган фуқароларнинг айтишича, бу борада турли идораларга бир неча бор мурожаат қилинган, аммо муаммо ҳануз ечимини топмаган.
Мурожаатда қайд этилишича, мазкур икки кўчадаги хонадонлар ҳам давлат дастури асосида маҳаллада ишга туширилган артезиан қудуғи тармоғига уланиши керак бўлган. Бироқ кўчалар сув тармоғисиз қолиб кетган.
Фуқароларнинг билдиришича, 2023 йилда Президент Виртуал қабулхонаси орқали қилинган мурожаатдан сўнг 1,6 километр сув тармоғи қурилиши маълум қилинган. Аммо орадан анча вақт ўтганига қарамай, аҳоли ҳануз қудуқ сувидан ёки сотиб олинган сувдан фойдаланмоқда.
Биз – ЎзА мухбирлари мурожаатни жойига чиқиб ўргандик. Ҳақиқатдан ҳам бу икки кўчада марказлашган ичимлик суви тармоғи йўқлиги тасдиқланди. Ҳолат фото ва видео тасвирларга олинди.
Мурожаатни жойида ўрганиш учун Шароф Рашидов туман сув таъминоти акциядорлик жамияти раҳбари Маъруф Ибрагимов ҳамда “Пастки Сўлоқли” МФЙ раиси Дилмурод Умматовни таклиф қилдик. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Файзулла Абдураҳмонов эса бир неча бор қилинган қўнғироқларимизга қарамай, турли важлар билан учрашувда иштирок этмади.
– Мутахассисларимиз келиб, ҳудудни ўрганиб чиққан, – дейди туман сув таъминоти акциядорлик жамияти раҳбари Маъруф Ибрагимов. – Агар маҳалла ёки ҳокимлик томонидан қувур ва зарур материаллар олиб берилса, биз техника ва мутахассислар билан сув тармоғини тортиш ишларига кўмаклашишга тайёрмиз.
Маҳалла раиси Дилмурод Умматовнинг айтишича, илгари сув тармоғи тортилган вақтда бу кўчаларда хонадонлар тўлиқ шаклланмаган.
– Ўтган йили маҳалла маблағи ҳисобидан сув тармоғи тортиш режалаштирилган эди. Лекин маҳалла биносини таъмирлашга маблағ йўналтирилди, – дейди у. – Энди маҳаллий солиқлар ҳисобидан тушадиган маблағлар эвазига жорий йил июль ойи охирига қадар ушбу кўчаларга тоза ичимлик суви тармоғини тортиб беришга маҳалла раиси сифатида ваъда бераман.
Бироқ аҳоли бу каби ваъдаларни аввал ҳам кўп эшитганини айтади.
– Мен бу маҳаллада 15 йилдан бери яшайман. Ҳозиргача қудуқ сувидан фойдаланамиз, – дейди мурожаатчилардан бири Зафар Ачилов. – 50 дан ортиқ оила қудуқ суви ёки сотиб олинган сувдан истеъмол қилади. Бу сувнинг қанчалик хавфсиз эканини ҳеч ким айтолмайди. Бир неча йиллардан бери мурожаат қиламиз, лекин ҳар сафар турли сабаблар билан иш кечиктирилади.
[gallery-29315]
Дарҳақиқат, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича Президент қарорлари ва давлат дастурлари қабул қилиниб, жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда айрим ҳудудларда энг долзарб муаммоларнинг йиллаб ҳал этилмай қолаётгани ташвишли ҳолатдир.
“Пастки Сўлоқли” маҳалла фуқаролар йиғини раҳбарлари бу сафар ваъдасига вафо қилади, деган умиддамиз. Акс ҳолда ЎзА бу мавзуга яна қайтади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7L4qXY3AzGM" title="Sayilgoh va Sado ko`chalarida suv muammosi qachon hal etiladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА