Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидалари бузилиши юзасидан хабар берган шахслар рағбатлантирилади
Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик жамият учун хавфли. Бунинг олдини олиш учун эса ҳар биримиз масъулмиз.
Шу мақсадда, “Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 августдан хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва техник қурилмаларидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларни Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига фото ва (ёки) видеоматериаллар кўринишида тақдим қилиш ҳамда тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби жорий этилади.
Тасдиқланган низомга асосан тақдим этиладиган фото ва (ёки) видеоматериалларда қуйидагилар аниқ акс этган бўлиши лозим:
-Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик моҳияти;
-Ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил (геолокация), сана ва вақт.
Ахборот тизими орқали келиб тушган материаллар ҳамда “E-ma'muriy ish” учун зарур маълумотлар тўплами Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси (бўлими) масъул ходими томонидан 3 иш куни мобайнида жойига чиққан ҳолда кўриб чиқилади.
Масъул ходим қонунчиликка мувофиқ маъмурий иш қўзғатади, далилларни расмийлаштиради ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига биноан қарор қабул қилади.
Фото ёки видеоматериалларни тақдим этган шахс ҳуқуқбузарлик бўйича ундирилган жариманинг Қўмитага ўтказилган қисмидан 20 фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Шербек Исломов, ЎзА