Қадимий Ғиждувоннинг замонавий қиёфаси
Қарор ва ижро
Бугун Янги Ўзбекистонда ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий қудратини ошириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, шаҳар ва қишлоқларни обод масканларга айлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, чекка ҳудудларни комплекс ривожлантириш, инфратузилмани янгилаш, туризм ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар халқ ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 1 апрелда қабул қилинган “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туманларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётган муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу қарорга мувофиқ, мамлакатимиздаги 16 та шаҳар ва туман қаторида қадимий ва ҳунармандчилик маркази саналган Ғиждувон тумани ҳам танлаб олинган.
Бугунги кунда ушбу қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида Ғиждувон том маънода янги тараққиёт босқичига кўтарилмоқда. Туман учун 30 дан ортиқ лойиҳа шакллантирилиб, улар 3 та устувор йўналиш бўйича амалга оширилмоқда. Жумладан, туман марказини аҳоли яшаши ва дам олиши учун қулай ҳудудга айлантиришга 21 миллиард сўм, туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишга 46,2 миллиард сўм, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга 2,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Умумий ҳисобда 70 миллиард сўмлик молиявий кўмак Ғиждувоннинг янги қиёфасини шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда.
[gallery-28904]
Ғиждувон тумани ҳокими ўринбосари Элдор Фармоновнинг таъкидлашича, қарор ижроси асосида маҳаллаларда кенг қамровли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
– Қўрғон маҳалласида ҳудудни обод этиш ишлари изчил давом этмоқда. Илгари фаолият юритган мусиқа ва санъат мактаби биноси негизида 22 нафар ҳунармандни бирлаштирадиган замонавий ҳунармандлар маркази ташкил этилмоқда. Бу ерда кулолчилик, мискарлик, наққошлик, каштачилик каби миллий ҳунарлар ривожлантирилади. Шунингдек, Сардор маҳалласидаги “Нурафшон” истироҳат боғи ҳам тўлиқ қайта таъмирланмоқда. Боғ атрофидаги 500 метрдан ортиқ йўл янгидан асфалтланиб, замонавий пиёдалар йўли барпо этилди. Бу каби ишлар аҳоли дам олиши, болалар ва ёшлар учун соғлом муҳит яратишга хизмат қилади. Шунингдек, Саидкент маҳалласида 7,5 миллиард сўм эвазига қарийб 1 километр масофани қамраб олган “Соҳилбўйи дам олиш маскани” қурилмоқда. Ушбу маскан оилавий ҳордиқ чиқариш, ёшлар спорт билан шуғулланиши ва турли маданий тадбирлар ўтказиш учун қулай ҳудудга айланади. Шу билан бирга, туманда 12 миллиард сўмлик лойиҳа асосида халқаро стандартларга жавоб берадиган 8 қаватли, 5 та кампусдан иборат замонавий тиббиёт шаҳарчаси қурилмоқда. Бу эса, тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳолига яқин ва тезкор хизмат кўрсатиш, янги иш ўринлари яратиш, замонавий диагностика имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади, – дейди Элдор Фармонов.
Энг йирик ва эътиборли лойиҳалардан бири – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи билан уйғун ҳолда қадимий “Ғиждувон Қўрғони”ни қайта тиклаш ишларидир. Ушбу лойиҳа учун 32 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, тарихий қиёфани тиклаш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш, ҳунармандлар маркази ташкил этиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш, ҳудудни ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Натижада бу ерда 300 та янги иш ўрни яратилди. Энг муҳими, бугунданоқ мазкур маскан маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда.
Япониялик меҳмон Ёсико Хару Ғиждувон кулолчилик маҳалласида бўлиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
– Мен кулолчилик санъатига қизиқаман. Шу боис Ғиждувонга келишни орзу қилганман. Бу ерда усталар жараённи жуда сабр билан тушунтириб беришди. Ҳар бир нақшда катта меҳнат ва санъат мужассам. Энг муҳими, бу ерда ҳунар авлоддан-авлодга ўтиб келаётгани мени ҳайратга солди. Бундай меросни асраш жуда муҳим.
“Олтинсой” экотуристик маскани ҳам туман тараққиётида янги саҳифа очмоқда. Қисқа вақт ичида қарийб 2 миллиард сўм маблағ эвазига ташкил этилган ушбу маскан маҳаллий ва хорижий меҳмонларни қабул қилишга тўлиқ тайёр.
– Масканимизда бир куннинг ўзида 200 нафардан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатиш имкони бор. Бу ерда эко, сафари, этно ва бошқа туризм йўналишлари йўлга қўйилган. Атрофга 50 мингдан зиёд дарахт экиб, саҳрони яшил ҳудудга айлантиришга ҳаракат қилдик, – дейди тадбиркор Иқлима Жўраева.
Саидкент, Денов, Тодон, Сардор, Барака каби ўндан ортиқ маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш ишлари жадал кетмоқда. Шунингдек, учта маҳаллада хизмат кўрсатиш ва саноат соҳасида ўнта йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Натижада 2500 та янги иш ўрни яратилади. Аҳоли бандлиги ошади, тадбиркорлик фаоллиги кучаяди, туризм хизматлари кенгаяди, маҳаллий бюджет тушумлари ортади.
330 минг аҳоли истиқомат қиладиган Ғиждувон туманида бугун амалга оширилаётган ишлар янги ҳаёт, янги иқтисодий муҳит ва янги келажакдан дарак бермоқда. Қадимий ҳунармандчилик анъаналари, зиёрат туризми, замонавий тиббиёт, янги боғлар, хизмат кўрсатиш тармоқлари ва ишлаб чиқариш корхоналар том маънода Янги Ғиждувонга айланмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.