ИННОПРОМ. Ucell экологик мониторингни таклиф қилмоқда
Пресс релиз
Тошкент. 21-апрель. "ИННОПРОМ. Марказий Осиё" халқаро саноат кўргазмаси инновацияларни намойиш этиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун муҳим платформа эканини яна бир бор тасдиқламоқда. Бу йилги тадбир Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Россия ва Беларус давлат тузилмалари, инвесторлари ҳамда бизнес вакилларини бир жойга тўплади.
Кўргазма экспозицияси шаҳар инфратузилмаси ва транспортини ривожлантиришдан тортиб, ишлаб чиқаришни рақамлаштиришгача бўлган кенг кўламли технологик ечимларни ўз ичига олади. Тақдим этилган ишланмалар қаторида интеллектуал мониторинг тизимлари, роботлаштирилган мажмуалар, учувчисиз технологиялар ва келажак саноати қиёфасини шакллантираётган янги авлод рақамли платформалари бор.
Шу муносабат билан мамлакатнинг энг йирик мобил оператори бўлган Ucell компанияси бизнес самарадорлигини ошириш ва корхоналарнинг барқарор ривожланишига йўналтирилган рақамли ечимлар туркумини тақдим этди.
Андрей Шишковский, Ucell бош директори:
“Ucell ўзининг технологик етакчилик мақомини тасдиқлашга ҳамда нафақат алоқа хизматлари етказиб берувчи, балки трансформациянинг барча босқичларида бизнесга ҳамроҳлик қилувчи тўлақонли рақамли шерик бўлишга интилади. ИННОПРОМдаги иштирок — бу каби ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда шериклар ва мижозлар учун имкониятларни кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадамдир”.
Экспозициянинг марказий қисмидан атроф-муҳит ҳолатини тизимли кузатиш, таҳлил қилиш ва бошқаришга мўлжалланган комплекс ечим — рақамли экологик мониторинг платформаси ўрин олди. Ушбу платформа чуқур таҳлил, катта ҳажмли маълумотлар билан ишлаш, тақсимланган архитектура ва юқори даражадаги киберхавфсизликни ўзида мужассам этиб, турли соҳалар учун мослашувчанлик ва кенгайтирилувчанликни таъминлайди. Мисол тариқасида, экомониторинг хизматини жорий этилганлиги “Оҳангаронцемент” АЖ га ишлаб чиқариш жараёнларининг атроф-муҳитга, шунингдек, корхона ходимлари ва маҳаллий аҳолининг ҳаёти ва саломатлигига таъсирини назорат қилиш имконини берди.
Акром Нажимов, Ucell бизнес сегментида савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича раҳбар:
“Замонавий бизнес барқарор ривожланиш ва жараёнларнинг шаффофлигига тобора кўпроқ йўналтирилмоқда. Айнан шунинг учун экологик мониторинг соҳасидаги ечимлар стратегик аҳамият касб этмоқда. Ucell платформаси шунчаки маълумотлар йиғиш билан чекланмай, уларни бизнес самарадорлиги ва масъулиятига бевосита таъсир кўрсатадиган бошқарув қарорларига айлантириш имконини беради”.
Компанияларга сайёр ходимларни самарали бошқариш имконини берадиган “Кадрлар назорати” ечимига алоҳида эътибор қаратилди. Тизим фотоҳисоботлар, геолокация ва вазифалар бажарилишини реал вақт режимида кузатиб бориш орқали жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаб, иш жараёнларининг ишончлилиги ҳамда бошқарилувчанлигини оширади.
Кўргазма давомида Ucell мутахассислари ечимларнинг функционал имкониятларини намойиш этиб, уларни қўллаш бўйича амалий кейсларни тақдим қилдилар ва бизнес вакиллари учун маслаҳатлар ўтказдилар. Бундай формат иштирокчиларга технологияларнинг ўз лойиҳалари учун амалий аҳамиятини баҳолаш имкониятини яратди.
Кўргазмадаги иштирок Ucell учун технологик етакчи, бизнес ва давлат учун эса ишончли рақамли ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Компания иқтисодиётнинг рақамли трансформациясига ва минтақада барқарор технологик муҳитни шакллантиришга ёрдам берадиган инновацион ечимларни ривожлантиришда давом этмоқда.