Қимматбаҳо тошларни қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди
2026 йил 21 апрелдан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валюта ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун кучга кирди.
Қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, қимматбаҳо металлар ёки қимматбаҳо тошларни қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш, агар шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунингдек, Жиноят кодексининг VIII бўлимига (Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси) “Қимматбаҳо металлар” ҳамда “Қимматбаҳо тошлар” тушунчалари киритилиб, уларнинг ҳуқуқий таърифи аниқ белгилаб қўйилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, қимматбаҳо металлар ёки қимматбаҳо тошларни қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш ушбу ашёларни мусодара қилган ҳолда, 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Ўзига нисбатан маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Н.АБДУРАИМОВА,
ЎзА