Ўзбекистон-АҚШ: Ёшлар масалалари бўйича келишувларга эришилди
Давлатимиз раҳбари томонидан хорижий олийгоҳлар ҳамкорлигида 40 минг нафар ёшни бизнесга ўргатувчи “Янги авлод тадбиркорлари” дастурини амалга ошириш вазифаси белгиланган эди.
Айни шу мақсадда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги делегация АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида қатор самарали учрашувлар ўтказмоқда.

Хусусан, навбатдаги манзил — дунё илм-фанига улкан таъсир кўрсатувчи Йел университети бўлди. Университет масъуллари билан мулоқотда ёшларимиз учун қатор янги имкониятлар муҳокама қилинди.
Жумладан, Йелнинг “Хатарларни бошқариш” дастурига иқтидорли ўзбекистонлик талабаларни жалб қилиш бўйича амалий қадамлар ташланди.

Стартап экотизими бўйича директор Хиуанг Ли билан ёш тадбиркорларимиз учун гибрид ўқув дастурларини жорий этишга келишилди. Энг асосийси, Йел профессорлари тажриба алмашиш учун Ўзбекистонга таклиф этилди.
Шунингдек, инновация ва робототехника йўналишида “Tsai Center for Innovative Thinking at Yale” тажрибаси асосида стартапларни ривожлантириш таҳлил қилинди. Сунъий интеллект, робототехника ва “FIRST Global” доирасида ҳамкорлик кенгайтирилиб, ёшлар ихтироларини тижорат маҳсулотига айлантириш белгиланди.

Илмий тадқиқотлар йўналишида ҳам кўплам имкониятларга эришилди. Эндиликда юртимиздаги ислоҳотлар ва иқтисодий ривожланиш жараёнлари Йел олимлари томонидан махсус чуқур ўрганиш объекти сифатида халқаро майдонга олиб чиқилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА