.
Президент ташрифидан сўнг...
Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида Жарқўрғонда қурилаётган Янги Ўзбекистон массивида ҳам бўлди. Давлатимиз раҳбари дастлаб ҳудуддаги 66-мактабга кириб, шароитлар билан танишган, устоз ва ўқивчилар билан мулоқотда бўлган эди.
Ташрифдан сўнг ушбу мактабда махсус педагог вазифасида иш юритаётган Сайёра Мирзаева билан суҳбатлашдик. Устоз ўқувчилар ҳаёти, инклюзив таълимга берилаётган эътибор хусусида фикрларини билдирди.
Янги Ўзбекистон массиви бугун ўқувчиларнинг муносиб билим олиши йўлида барпо этилган йирик шаҳар мисоли уларни мамнун этган.
– Ҳурматли Президентимизнинг воҳамизга ташрифлари тарихий аҳамият касб этади. Зеро, бу мактабнинг келажаги буюк. Давлатимиз раҳбари ўқувчиларимиз билан суратга тушдилар, – деди Сайёра Мирзаева. – Сурхондарёнинг олис ҳудудида барпо этилган Янги Ўзбекистон массивида ёшларимиз таҳсил олиши учун барча шароит яратилган. Бундан аҳолимиз, айниқса, ота-оналар жуда хурсанд.
Туманимизда замонавий мактабларнинг қурилиши инклюзив таълим ривожига ҳам ҳисса қўшаяпти. Ўқувчим Мероншоҳ Чориев имплант ўрнатилгандан кейин тенгдошлари қатори синфхоналарда дарс машғулотларини бевосита тинглаб, гапира бошлади. У ёзяпти, китоблардан сўзларни ўқий оляпти. Биз, педагоглар жамоаси, унинг ота-онаси бундай шароитлар яхши тарбияга, яхши муҳитга хизмат қилишига гувоҳ бўляпмиз.
Президент ташрифи доирасида инклюзив таълимга алоҳида эътибор берилишини, ҳормай-толмай ишлашимизни, доимо биз учун далда бўлишларини таъкидлаб ўтдилар. Бундай билим масканлари кўп барпо этилади, биздан ёшларни фақат илмга чорлашда тинимсиз меҳнат қилиш сўралади.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбари биз – педагогларга ишонч билдирдилар. Зеро, Мероншоҳ келажакда етук инсон бўлиши учун ўзимнинг таълим ва тарбиямни беришда давом этаман.
Видеоинтервьюни ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда томоша қилинг.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mzewgVYAVwI" title="“Inklyuziv ta’limga e’tibor – o‘quvchim gapiryapti, yozib, kitobdagi so‘zlarni o‘qiyapti”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА