Дуал таълимни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди
Оқолтин туманидаги 1‑сон техникум ва Indorama Agro МЧЖ ўртасида дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ушбу ташаббус таълим сифатини ошириш, талабаларни иш бозорига тайёрлаш ва педагогларнинг касбий ривожланишига хизмат қилади.
Томонлар замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, педагогларнинг малакасини ошириш ҳамда методологик ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда. Бу талабаларга назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларига тайёрлаш имконини беради ва уларни замонавий саноат талабларига мослаштиришга хизмат қилади.

Ҳамкорлик доирасида педагоглар учун малака ошириш курслари ва амалиёт асосидаги тренинглар ҳам ташкил этилади. Бу уларга касбий маҳоратини янада мустаҳкамлаш ва замонавий таълим стандартларига мувофиқ билим бериш имконини беради.
– Ушбу ҳамкорлик талабаларимиз учун назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, уларни замонавий саноат талабларига тайёрлаш имконини беради. Шунингдек, педагогларимиз учун ҳам касбий ривожланиш ва малака оширишга кенг имкониятлар яратилади, – дейди Оқолтин туманидаги 1‑сон техникум директори Эсонбой Бобоев.

Томонлар ушбу ҳамкорликни келгусида янада кенгайтириш ва дуал таълимни ҳудудда самарали ривожлантириш ниятида. Бу ташаббус нафақат таълим сифатини ошириш, балки маҳаллий саноат ва иқтисодиётга ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири