Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимига 47 мингга яқин мурожаат келиб тушган
Мактабгача ва мактаб таълими тизими ҳар бир оила, ҳар бир фуқарога дахлдор бўлган, келажагимиз учун муҳим ҳисобланган соҳадир. Шу боис ушбу йўналишдаги муносабатлар кенг қамровли бўлиб, шунга яраша тизим фаолиятига оид мурожаатлар сони ва кўлами ҳам кенг. 2025 йил давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимига 46 минг 909 та мурожаат келиб тушган. Шунингдек, вазирликнинг фуқаролар қабулхонасида 7 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг оғзаки мурожаатлари қабул қилинган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитасининг йиғилишида айтиб ўтилди. Унда депутатлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Соҳада жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳал этилаётганлиги ҳолати тўғрисида”ги ахборотини эшитдилар.
Ахборотда маълум қилинганидек, вазирлик тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш “халқ билан мулоқот” тамойили асосида олиб борилмоқда. Хусусан, ота-оналар ва тизим ходимларининг мурожаатларига тезкор жавоб бериш учун ишонч телефони йўлга қўйилган. 2025 йилда Call-марказ орқали 52 мингдан ортиқ фуқароларнинг қўнғироқларига жавоб берилган.

Шунингдек, педагог ходимларнинг тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари учун махсус телеграм-бот жорий этилган. Мазкур бот орқали педагоглар малака тоифаси, касбий сертификатлаш, менежерлик сертификати ва вазир жамғармаси синовлари бўйича мурожаатлар ҳолатини кузатиши, натижалар билан танишиши, имтиёз берувчи хорижий тил сертификатларининг верификация ҳолатини текшириши, махсус устамалар ва бошқа фойдали маълумотлар билан танишиши мумкин.
Ахборотда келтирилишича, мурожаатлар билан ишлаш бўйича вазир портали ҳам ташкил этилган. Бунда ота-оналар, педагог ходимлар ва кенг жамоатчилик вазирлик тизимини янада ривожлантириш бўйича ўз таклифларини юбориши мумкин. Шу билан бирга, республикамиз бўйлаб ҳар бир туман ва шаҳарларда сайёр қабуллар ўтказилиб келинмоқда.
Йиғилишда мурожаатларни кўриб чиқишда фақатгина расмий жавоб бериш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил қилиб, тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратилаётгани алоҳида қайд этилди.

Соҳани рақамлаштириш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, фуқаролар учун 10 дан ортиқ рақамли хизматлар йўлга қўйилиб, зарур маълумотларни масофадан туриб олиш имконияти яратилган. Бу эса ортиқча қоғозбозликни камайтириш, вақтни тежаш ҳамда давлат хизматларининг очиқлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Муҳокамаларда вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда айрим камчиликлар мавжудлигига ҳам эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, депутат сўровларига ўз вақтида жавоб берилмаслик ҳолатлари, юборилган аксарият мурожаатлар юзасидан муаллифга ҳуқуқий тушунтириш бериш билан чекланилаётгани кузатилмоқда. Бу эса такрорий мурожаатларнинг ортишига, аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар ҳал этилмай қолишига сабаб бўлмоқда.
Шундан келиб чиқиб халқ вакиллари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини янада яхшилаш, унга масъул бўлган ходимларнинг малакаси ва масъулиятини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.
М.Комилова, ЎзА