Бойсунлик бўлғуси чемпионларга спорт жиҳозлари ва кийимлари туҳфа қилинди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги спорт мактаби ўқувчиларига замонавий спорт жиҳозлари ва кийим-кечаклари тантанали топширилди.
Туман ҳокимлиги мутасаддилари, ички ишлар бўлими ва спорт мактаби раҳбарияти, тажрибали мураббийлар, ота-оналар, ёш спортчилар иштирок этган тадбирда Президентимизнинг спортни ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори ёшларнинг соҳага қизиқиш ва интилишини ошириб, уларни жисмонан соғлом, иродали ва ватанпарвар этиб тарбиялашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Нуфузли халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини фахр билан ҳимоя қилиб, юқори натижаларга эришаётгани қайд этилди.





Тадбирда мактабга Спорт вазирлигининг 11 турдаги 165 миллион сўмлик спорт жиҳозлари ва анжомлари, 84 миллион сўмлик спорт кийимлари туҳфа қилинди.
Тантанали маросим иштирокчилари тоғли ва чекка тумандаги ёш спортчиларга кўрсатилган эътибор учун давлатимизга чуқур миннатдорлик билдирди. Замонавий спорт жиҳозлари ва сифатли спорт кийимлари ёш спортчиларнинг машғулотларни янада сифатли ташкил этиши ва жаҳон беллашувларида ҳам юқори натижаларга эришиб, мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришига ишонч билдирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири