Яримўтказгичлар соҳасида кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам сифат барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда халқаро ҳамкорликлар муҳим ўрин тутади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломовнинг Малайзиянинг “Mimos Holding Sdn Bhd” компанияси бош директори Разман Бин Жаафар бошчилигидаги делегация билан учрашуви ривожланиш сари ташланган яна бир қадамдир.

Унда яримўтказгичлар соҳасида кадрлар тайёрлашни ривожлантиришга қаратилган “IC Design Fundamentals and Skills Development Training Program” (ИЧ дизайни бўйича билим ва кўникмаларни ривожлантириш ўқув дастури)ни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот мобайнида томонлар жорий йилнинг 30 мартидан 4 апрелига қадар малайзиялик мутахассислар иштирокида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети базасида номзодлар учун ташкил этилган ўқув семинарларининг бориши ҳамда якуний натижалари юзасидан ҳам фикр алмашди.

Шунингдек, яримўтказгичлар саноати учун касбий ва олий таълим тизимида малакали кадрлар тайёрлаш, замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, яримўтказгичлар соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишувга эришди.
Шербек Исломов
ЎзА