Самарқандда “Малайзия маданият кунлари” ташкил этилади
Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги делегация шу кунларда Малайзияда хизмат сафарида бўлиб турибди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, вакилларимиз Куала-Лумпур шаҳрида ҳукумат аъзолари ва ҳудудлар раҳбарлари билан қатор муҳим учрашувлар ўтказди.

Жумладан, Малайзия туризм, санъат ва маданият вазири Дато Сри Тионг Кинг Синг билан мулоқотда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди.

Самарқандда яқинда янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуаси, бу ерда зиёратчилар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилиб, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Туризмга инвестицияларни жалб этиш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, маданий алоқаларни янги босқичга кўтариш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.

Учрашувда жорий йилнинг май ойида Самарқандда “Малайзия маданият кунлари” ҳамда сентябрь ойида Куала-Лумпурда “Ўзбекистон маданият кунлари”ни ўтказишга келишиб олинди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири