Автомобиль саноатида маҳаллийлаштириш томон бир қадам
Аҳоли кўчалар тобора тирбанд бўлиб бораётганини таъкидлайди. Бу бошқа муаммо. Автомобиллар кўпайиб бораётгани эса ҳақиқат ва, аввало, Ўзбекистон ишлаб чиқариш қувватлари кескин ошиши билан боғлиқ. Эътибор беринг, бугун ватанимиздаги 12 та заводда бир йилда 500 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилмоқда! Тўғри, айрим русумдаги автомобиль қисмларининг 40-50 фоизи ҳамон четдан келтириляпти. Аммо Ўзбекистонда импорт ўрнини босадиган корхоналар сони кўпайиб боряпти. Бугун улар сафи яна бир корхонага кўпайди.
"Қўқон" эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалида Корея Республикасининг "Hansae Mobility" компанияси томонидан ташкил этилган янги саноат корхонаси фойдаланишга топширилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон ва Жанубий Корея вакиллари, саноат соҳаси раҳбарлари, хорижий ҳамкорлар ҳамда фахрий меҳмонлар иштирок этди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев, "Hansae Mobility" компанияси раисининг ўринбосари Ким Ик Хван, "Hansae Mobility Turan" корхонаси ижрочи директори Жонг Дай Вон, "Ўзавтосаноат" АЖ раисининг ўринбосари Даврон Ҳидоятов ва бошқа меҳмонлар сўзга чиқиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари, янги корхона фаолияти ҳамда истиқболдаги режалари ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Сўзга чиққанлар Президент ташаббуси билан мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратилганига эътибор қаратдилар.
– Қўлимдаги маҳсулот илгари Кореяда ишлаб чиқарилар ва Ўзбекистонга импорт қилинар эди. Энди замонавий технологияларда ишлашни ўргандик ва уларни ўзимиз шу ерда ишлаб чиқаряпмиз, – дейди Солижон Икромов.
– Заводимизда Кобальт, Дамас автомобиллари учун тормоз мажмуаси, рул кучайтиргичи ва тормоз дискига эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади. Линия роботлаштирилган. Инновация ютуқлари жорий этилган,– дейди оператор Музаффар Нуриддинов. – Кейинги босқичда Оникс ва Трекер русумли автомобиллари учун ҳам шу каби эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади.

Қиймати 30 миллион доллар бўлган мазкур инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг амалий натижаларидан биридир. Айни пайтда корхонада 100 дан зиёд иш ўрни яратилган. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 140 тага етказиш, келгусида эса жами 250 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Келгусида корхона атрофида қўшимча ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, шунингдек, маҳаллийлаштириш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган.
Ниҳоят тасма қирқилиб, меҳмонлар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдилар.
Корхона бугундан буюртмалар асосида маҳсулот етказиб беришни бошлади
Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов(видео,сурат),
ЎзА