Қуёш панелларининг хизмат муддати тугагач уларни қандай тақдир кутмоқда?
Бугун қуёш энергетикаси ҳақида сўз кетганда, асосий эътибор янги қувватларни ишга тушириш ва экологик самарадорликка қаратилади.
Бироқ бу технологиянинг кўпинча назардан четда қоладиган муҳим жиҳати бор. Яъни хизмат муддати тугаган панеллар тақдири нима бўлади? Уларни шунчаки чиқиндига чиқарамизми ёки таркибидаги қимматли материалларни иқтисодий айланмага қайтарамизми? Юртимизда қуёш энергетикаси жадал ривожланаётган бир пайтда, бу масала ечимини бугундан излаш шарт.
Бу борада Тошкент давлат техника университети доценти, техника фанлари фалсафа доктори Наргиза Далмурадова билан суҳбатлашдик.
– Мутахассислар қуёш панелларининг хизмат муддатини 25-30 йил деб белгилайди. Бу вақт ўтгач, улар тўлиқ яроқсиз ҳолга келадими ёки электр энергияси ишлаб чиқаришда яна фойдаланиш мумкинми?

– 25 йил ишлаган панель автоматик равишда чиқиндига айланади, деган қараш нотўғри. Бу шунчаки ишлаб чиқарувчи кафолатлаган энг юқори самарадорлик даври. Вақт ўтиши билан қурилманинг қувват бериш қобилияти бироз пасайса-да, техник ҳолати яхши бўлса, электр энергияси ишлаб чиқаришда давом этаверади. Шунинг учун хизмат муддати тугаши билан яроқсизликни бир хил тушунча сифатида қабул қилмаслик керак. Қурилмаларнинг маълум бир қисми таъмирланиб, иккинчи ҳаёт олиши ва яна иқтисодий фойда келтириши мумкин.
Бугун бутун дунёда қуёш энергетикаси шиддат билан ўсмоқда. Тасаввур қилинг, 2025 йил охирига бориб глобал фотоэлектрик қувватлар 2,96 ТВтга етади. Фақатгина бир йил ичида қарийб 690 ГВт янги қувват тармоққа уланди. Бу улкан рақамларнинг ортида улкан масъулият ётибди. Халқаро ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилга бориб фойдаланишдан чиққан панеллар ҳажми 60-78 миллион тоннага етади. Бунча миқдордаги қурилмаларни олдиндан режа қилмасдан туриб, шунчаки бошқариб бўлмайди.
– Замонавий панеллар таркибида шиша, алюминий, кремний, мис ва кумуш каби моддалар бор. Қайси бирини ажратиб олиш иқтисодий жиҳатдан энг манфаатли ҳисобланади?
– Кристалл кремнийли модулнинг қарийб 77 фоизи шиша, 10 фоизи алюминий ва 3 фоизга яқини кремнийдан иборат. Қолган мис, кумуш ва қалай улуши эса бир фоизга ҳам етмайди.
Бир қарашда, асосий массани ташкил қилгани учун шиша ва алюминийни қайта ишлаш энг муҳимдек туюлади. Аммо иқтисодиётда масса ва қиймат доим ҳам мутаносиб бўлавермайди. Панель таркибидаги мис ва кумуш гарчи жуда кам миқдорда бўлса-да, бозордаги нархи ва саноатдаги ўрни сабабли ресурслардан самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан энг қимматли хомашё ҳисобланади. Бу ердаги асосий муаммо материалларни шунчаки ажратиб олиш эмас, балки уларни саноатга қайта ярайдиган юқори тозалик даражасида олишдир. Бу эса мураккаб логистика ва юқори технологик жараёнларни талаб қилади.
– Бу борада дунё тажрибаси қандай? Франция ва АҚШ амалиётининг қайси жиҳатлари Ўзбекистон учун ибратли бўла олади?
– Бу давлатлар қайта ишлашнинг нақадар чуқур ва самарали бўлиши мумкинлигини исботламоқда. Масалан, Франциянинг ROSI корхонаси саноат миқёсида панеллардан 95 фоизгача материалларни ажратиб олишга эришган. Улар шунчаки чиқиндини йўқ қилмаяпти, балки юқори тозаликдаги кремний, кумуш ва мисни ажратиб олиб, ишлаб чиқариш занжирига қайтармоқда. АҚШнинг First Solar компанияси эса бу жараённи деярли ёпиқ айланма шаклига келтирган: эски панель материалларининг 90 фоиздан ортиғи яна янгиларини ишлаб чиқаришга йўналтирилади.
Бундан чиқадиган хулоса шуки, қайта ишлаш самарадорлиги утилизация қилинган чиқинди вазни билан эмас, балки олинган материалларнинг саноатдаги янги қиймати ва иқтисодиётга қайтиши билан ўлчаниши керак.
– 2026 йил октябрь ҳолатига юртимизда 16 та йирик станциянинг қуввати 4 230 МВтни, кичик қурилмалар эса 2 508 МВтни ташкил қилди. Бу рақамлар келажакдаги утилизация жараёни учун қандай ёндашувни талаб қилади?
– Бу кўрсаткичлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда энергетик трансформация нафақат чўллардаги улкан станциялар, балки оддий хонадонлар ва тадбиркорлик субъектлари орқали ҳам шиддат билан амалга ошмоқда. Келажакдаги чиқинди ҳажмини ҳисоблашда асосий қийинчилик айнан шунда. Кичик қурилмалар бутун республика бўйлаб тарқоқ ҳолда жойлашган.
Биз ҳозир ўрнатилаётган умумий қувватни шунчаки 25 йилга силжитиб, келажакдаги чиқинди ҳажмини прогноз қила олмайдимиз. Баъзи панеллар табиий таъсирлар ёки носозликлар сабаб эртароқ алмаштирилади, бошқалари эса узоқроқ ишлайди. Демак, мамлакатимиз бўйлаб ўрнатилган барча модулларнинг қуввати, тури, йили, жойлашуви ва ҳолатини акс эттирувчи ягона тизимли маълумотлар базасини яратиш бугундан бошланиши керак.
– Йирик станцияларда утилизация бўйича мажбуриятлар инвесторларга юкланган. Лекин аҳоли ва тадбиркорлардаги панеллар тақдири нима бўлади? Уларни назорат қилиш механизми қандай бўлиши керак?
– Жуда ўринли жиҳат. Йирик лойиҳалар инвесторлари ускуналарни эксплуатациядан чиқариш ва утилизация қилиш бўйича масъулиятни шартнома асосида ўз бўйнига олади. Аммо юз минглаб хонадонлардаги эскирган панеллар билан ишлашда бошқача ёндашув зарур.
Келажакда бундай тарқоқ панелларни ким йиғади, техник ҳолатини ким баҳолайди ва утилизацияга ким йўналтиради? Бунинг учун жойларда махсус йиғиш пунктлари, логистика тармоқлари ва қайта ишлашга йўналтирувчи ягона бошқарув механизми ишлаб чиқилиши керак.
– Демак, Ўзбекистонда қуёш панелларини қайта ишлаш заводини қуриш вақти келдими? Бу иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдими?
– Бунга бироз эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозим. Қимматли материаллар борлиги учунгина завод дарҳол фойда келтиради, деган кафолат йўқ. Юқорида таъкидлаганимдек, мис ва кумушни саноатбоп даражада ажратиб олиш катта харажат ва мураккаб технологияни талаб қилади. Корхона фойда кўриши учун унга барқарор ва катта ҳажмдаги эски панеллар оқими керак бўлади.
Шунинг учун биринчи қадам – мавжуд қурилмаларни ҳисобга олиш ва келажакдаги хомашё ҳажмини аниқ прогноз қилиш. Қиммат заводларни қуришдан олдин иқтисодий жиҳатдан энг мақбул технологияларни ўрганиб, ана шу таҳлиллар асосидагина корхоналарнинг қуввати ва жойлашувини белгилаш мақсадга мувофиқдир.
– Хулоса ўрнида, соҳанинг эртанги куни учун бугун Ўзбекистонда қандай илмий-амалий қадамларга устувор аҳамият қаратиш зарур?
– Қуёш энергетикасининг экологик тозалигини фақат унинг ишлаш жараёни билан баҳолаб бўлмайди. Бутун "ҳаёт цикли" – хомашё қазиб олишдан бошлаб, то унинг хизмат муддати тугагандан кейинги қайта ишлаш занжири тўлиқ қамраб олиниши керак. Чет эл тажрибаси ва натижаларини миллий шароитни инобатга олмай туриб кўр-кўрона кўчириб ололмаймиз. Ўзбекистоннинг ўзига хос иссиқ иқлими, чангланиш даражаси ва табиий шароитлари панелларнинг реал хизмат муддатига қандай таъсир қилишини ўзимизнинг олимлар ўрганиши шарт. Шунингдек, келажакда ишлаб чиқариладиган панелларни лойиҳалашдаёқ уларни осон қисмларга ажратиш имкониятини ҳисобга олиш керак.
Қисқа қилиб айтганда, 25 йил кутиб ўтириш ярамайди. Келажакда юртимиздаги эски панелларнинг бир қисми "иккинчи ҳаёт" олиб яна хизмат қилади, бошқаси ресурс сифатида иқтисодиётга қайтади ёки шунчаки зарарли чиқиндига айланади. Бу натижаларнинг қай бири юз бериши эса айнан бугун қабул қилаётган қарорларимизга тўғридан-тўғри боғлиқдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.