Ёзёвон тумани иқтисодий юксалиш йўлида
Сўнгги йиллар ислоҳотларидаги муҳим жиҳат – ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларига хорижий компания ва ҳудуд етакчилари билан тўғридан - тўғри алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик шартномалари имзолаш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳуқуқи берилгани бўлди. Натижада илгари иқтисодий заиф, саноати ривожланмаган туманлар ҳам бугун пешқадамлар сафидан ўрин олмоқда.
Фарғона вилояти Ёзёвон тумани ҳокими бошчилигидаги тадбиркорлар делегацияси бир ҳафтадан буён Хитойда ишчи сафарида. Олинган хабарларга кўра, саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо-логистика соҳаларида бир неча ўн миллион долларлик келишувлар имзоланди. Жумладан, делегация аъзолари Хитой Халқ Республикасининг «Hebei Xubao Garment Co., Ltd.» корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Мазкур корхона тажрибаси ва технологияларини Ёзёвон туманида татбиқ этиш, болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги лойиҳани амалга ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Музокаралар якунида томонлар ушбу йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича шартнома имзоладилар.
Делегация аъзолари Хинтай шаҳри, Нингжин тумани, Фингхуанг шаҳарчасида жойлашган «Jinglian Kabel» МЧЖ корхонасида бўлдилар, ишлаб чиқариш жараёни, мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялар ҳамда маҳсулотлар сифати билан яқиндан танишдилар. Музокаралар натижасида Ёзёвон туманида кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ўзаро келишувга эришилди. Ушбу корхона Ёзёвон туманида 10 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга ошириш истагини билдирди.
Шинжон ва Фарғона ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларни қамраб олмоқда. Ёзёвонликлар Шинжоннинг Мидун туманида бўлиб, пахтани чуқур қайта ишлаш, хитой чойини қадоқлаш, чорва озуқаси ишлаб чиқариш каби қўшма лойиҳаларни маъқулладилар. “Longxing Plastic Industry Co., Ltd.” корхонасига ташрифи доирасида эса истиқболли инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича муҳим келишувга эришилди. Учрашув ва музокаралар давомида хитойлик инвесторлар билан Ёзёвон туманида пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий завод қуриш шартномаси имзоланди.
Айни чоғда ёзёвонлик тадбиркорлдар делегацияси Хэбей провинциясида Ёзёвонда қуриладиган логистик марказ лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб боришмоқда.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА