Бой тарихимиз ҳамда буюк аждодларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи “Мозийга қайтиб...” лойиҳамизнинг навбатдаги сони буюк истеъдод соҳиби, ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган забардаст ижодкор, халқ шоири, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ғафур Ғулом уй-музейидан тайёрланди.
Ғафур Ғулом 1903 йилнинг 10 май куни Тошкент шаҳрининг Қўрғонтеги маҳалласида туғилган. Онаси Тошбиби Шоюсуф қизи ўзбек, тожик адабиётидан бахабар, зеҳнли аёл бўлган. Отаси Ғулом Мирзо Ориф ўғли ўз даврининг етук саводхон кишиларидан эди. Шаҳар аҳлига аризалар, турли маълумотномалар ёзишда ёрдам бергани боис, унинг исмига “Мирзо” унвони қўшилган. У киши адабиётга ниҳоятда қизиққан бўлиб, “Ғулом” ва “Мирзо” тахаллуслари билан ижод қилган. Ушбу хонадонга Муқимий, Фурқат, Хислат, Тошхўжа Асирий каби шоирлар тез-тез ташриф буюрган.
[gallery-21756]
Ғафур Ғулом 9 ёшида отасидан, 12 ёшида онасидан етим қолган. Ёшлигида ўз маҳалласидаги Ҳасанбой домланинг эски мактабида ўқиган. Сўнг маълум муддат Тошкентдаги Тиллашайх мадрасасида таҳсил олган, араб, форс-тожик тилларини мукаммал ўрганган. 1919 йил Бодак маҳалласидаги “Чўлпон” номли мактабга ўқитувчи этиб тайинланади. 1924 йилда “Ҳаёт” мактабига, кейинчалик, “Умид” мусиқа билим юртида фаолиятини давом эттиради. 1926 йилда 3-боқимсиз болалар уйига мудир этиб тайинланади. Айни пайтда 7 йиллик “Урфон” мактабида мудирлик вазифасини ҳам бажарган.
1923 йилда Ғафур Ғулом ўзининг илк шеъри – “Феликс болалари”ни ёзади. Бу шеър ўша даврдаги етим болаларга бағишланган.
Ғафур Ғулом кейинчалик “Муштум”, “Шарқ ҳақиқати” каби газета ва журналлар таҳририятларида ишлаган, кўплаб очерк, мақолалар ёзган. Навоий, Фузулий, Ганжавий, Низомий, Лутфий, Машраб, Бедил, Муқимий, Фурқат, Аваз Ўтар, Ҳамзаларни ўзига маънавий устоз деб билган, улар ҳақида илмий мақолалар ёзган. У нафақат шоир, носир, публицист сифатида, балки етук адабиётшунос олим сифатида ҳам танилган.
Адибнинг “Динамо”, “Йигит”, “Эгалари эгаллаганда”, “Хитойдан лавҳалар”, “Сизга”, “Чашма”, “Ўзбек элининг ғурури”, “Шараф қўлёзмаси”, “Танланган асарлар” каби шеърий тўплам ва достонлари, “Жўрабўза” ҳикоялар тўплами, “Мухбир суди” пьесаси нашр этилган. Айниқса, “Ёдгор”, “Шум бола”, “Нетай”, “Йигит” каби каби қисса ва ҳикоялари кўпчиликка яхши таниш. Асарлари асосида театр спектакллари ва кинофильмлар яратилган. Шунингдек, серқирра ижодкор Шекспирнинг “Отелло”, “Қирол Лир” асарларини, Нозим Ҳикматнинг “Бир севги афсонаси”, Шайх Саъдийнинг “Гулистон” асарини ўзбек тилига таржима қилган.
Халқнинг суюкли шоири Ғафур Ғулом 1966 йил 10 июль куни вафот этган.
Пойтахтимизнинг Чилонзор тумани Арпапоя кўчаси 1-уйда Ғафур Ғуломнинг уй-музейи жойлашган. Адиб ушбу манзилда 1944–1966 йилларда яшаб ижод этган. Музей мемориал ва экспозиция қисмларидан иборат.
1983 йилнинг октябрь ойидан бошлаб уй-музей зиёратчиларни қабул қила бошлаган. Тарихий бино тўлалигача ёдгорлик хоналари, яъни, шоир ижодхонаси, дам олиш хонаси, кутубхона, меҳмонхона, ётоқхона, болалар хонасидан иборат. Ундаги буюмлар Ғафур Ғулом ҳаётлиги даврида қандай бўлса, шу ҳолда сақланмоқда.
Музей экспозицияси ва фонди Ғафур Ғуломнинг шахсий буюмлари, китоблар, қўлёзма ва тошбосма китоблар, фотосуратлар ва негативлар, график ва мойбўёқ суратлар, асарларига ишланган иллюстрациялар, хат ва телеграммалар, орден ва медаллар, санъат асарлари, ҳайкаллар, қўлёзмалар, антиқа буюмлар, мусиқа асбоблари, мебеллар, шоир овози ёзилган магнит тасмалари, ҳужжатли ва бадиий фильмлар, уй-рўзғор буюмлари ва турли совғаларни ташкил этади. Бу ерда жами 11 мингдан ортиқ экспонат жамланган.
1983 йилда уй-музей ҳовлисига ҳайкалтарош Шапиро Яков томонидан ишланган Ғафур Ғулом сиймоси акс эттирилган ҳайкал ўрнатилган.
Ғафур Ғуломнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан 2003 йилда адибнинг қизи, музей директори Олмос Аҳмедова ташаббуси билан уй-музейнинг экспозиция биноси, яъни бадиий қисми қуриб, фойдаланишга топширилди. Ундаги мавжуд “Fафур Fуломнинг болалик ва ўсмирлик йиллари”, “Fафур Fуломнинг насрий ижоди”, “Fафур Fулом моҳир таржимон”, “Fафур Fулом оташин публицист”, “Fафур Fулом шеърияти”, “Ғафур Ғулом – академик”, “Ғафур Ғулом ижоди Иккинчи жаҳон уруши йилларида”, “Ўзбекни дунёга танитган шоир”, “Ғафур Ғулом ижоди адабиётшуносликда”, “Ғафур Ғулом ва мустақил Ўзбекистон” бўлимларда шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи адабий-бадиий экспозиция жойлашган.
“Мозийга қайтиб...” лойиҳасининг аввалги сонларида узатилган фоторепортажларни қўйидаги ҳаволалар (https://uza.uz/posts/584824), (https://uza.uz/posts/591857), (https://uza.uz/posts/598274), (https://uza.uz/posts/17760), (https://uza.uz/posts/674379) орқали кўришингиз мумкин.
Камола Юсупова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА