Ўзбекистон – Тожикистон: стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг янги даври
Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Тожикистон: иттифоқчилик ва минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболи” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларига эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, маънавий покланиш, меҳр-шафқат, ўзаро ёрдам ва инсонлар ўртасидаги биродарлик риштасини мустаҳкамлаш даври ҳисобланган муқаддас Рамазон ойида ўтказилгани анжуманга алоҳида руҳий муҳит бағишлади. Зеро, азалий қадриятларимиз минг йиллик тарих, умумий маданият ва кўп асрлик яхши қўшничилик анъанаси билан боғланган Ўзбекистон ва Тожикистон халқларига айниқса яқин.
Қолаверса, форум табиат янгиланадиган, тинчлик ва тотувлик рамзи саналган қадимий Наврўз байрами арафасида ўтказилгани ҳам рамзий маъно касбэтди. Зеро, бу бебаҳо байрам азалдан Марказий Осиё халқларини ўзаро англашув, дўстлик ва бунёдкорлик ғоялари атрофида бирлаштирган.
Ж.Ваҳобов қайд этганидек, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг қатъий сиёсий иродаси ва ўзаро ишончи туфайли жадал ривожлантирилган ҳамкорлик савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, саноат кооперацияси, маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган.
2024 йил Иттифоқчилик муносабати тўғрисидаги шартнома имзоланиши шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун мустаҳкам асос яратди. Тожикистон Ўзбекистон билан шундай мақомга эришган тўртинчи давлатга айланди.
Охирги йиллари савдо-иқтисодий алоқаларда сезиларли ижобий ўсиш кузатилмоқда. 2025 йил якунида товар айирбошлаш қиймати 912 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 30 фоиз ошди. Олий даражадаги музокаралар давомида бу рақамни 2 миллиард долларига етказишга келишилган.
Шу билан бирга, инвестиция ва саноат ҳамкорлиги ҳам фаол ривожланмоқда.
Таҳлилий марказ раҳбари сўзларига кўра, ҳозир мамлакатимизда 410 дан зиёд қўшма корхона иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида 100 дан кўп лойиҳа амалга оширмоқда. Ҳудудлараро ҳамкорлик кенгайиб, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги умумий кооперация мустаҳкамланмоқда. Шу тариқа узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратилмоқда.
Шартнома доирасида иқтисодиёт, транспорт ва авиация алоқаларини ривожлантириш, виза ва чегара тартиб-таомилини соддалаштириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу чора-тадбирлар фуқароларимиз ҳаётини сезиларли даражада енгиллаштириб, халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашувни янада мустаҳкамлади. Чегарадан ўтиш тартиби соддалаштирилиши расмий жараён вақтини кескин қисқартириб, ишбилармонлик ва туристик алмашинув ривожланишига замин яратди.
Бунинг тасдиғи сифатида Ж.Ваҳобов Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотини келтирди: 2025 йил Ўзбекистонга 11,7 миллионга яқин, 2024 йилга нисбатан 47 фоиз кўп хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Улардан 2,7 миллион нафари бу борада иккинчи ўринни эгаллаган Тожикистон фуқароларидир.
Икки томонлама ҳаво қатнови сезиларли даражада кўпайди: 10 йил олдин ҳафтасига бир рейс амалга оширилган бўлса, бугунги кунда Тошкент, Самарқанд ва Душанбе шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри қатновни ўз ичига олган 10 тагача мунтазам йўналиш мавжуд.
Маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Ўзбекистон тожик миллий маданий маркази пойтахтда асосий ва 9 вилоятда ҳудудий бўлим сифатида фаолият юритмоқда. 253 мактаб тожик тилида таълим беради, олий ўқув юртларида тожик тилида дарс бериладиган гуруҳлар ташкил этилган.
Оммавий ахборот воситаларида тожикча 4 босма нашр чоп этиляпти, 5 телекўрсатув ва 30 га яқин радио дастур эфирга узатилмоқда. 2025 йил Ўзбекистон вакиллари Душанбе шаҳрида ўтказилган Наврўз Жаҳон ёшлар фестивалида иштирок этди. Шунингдек, Алишер Навоий номли Давлат академик катта театри вакиллари Садриддин Айний номли театр саҳнасида чиқиш қилдилар. Умуман, маданий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилган.
Самарқанд ва Душанбе шаҳарларида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга ҳайкал ўрнатилгани халқларимиз тарихий ва маънавий алоқалари рамзидир.
Маърузасида МОХИ етакчиси кўп томонлама шериклик мавзусига ҳам алоҳида тўхталди: Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари, ШҲТ, МДҲ, БМТ каби минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Хусусан Маслаҳат учрашувлари доирасидаги ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Тожикистон ушбу форматни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган. Шу нуқтаи назардан 2023 йил Душанбе шаҳрида ўтказилган бешинчи Маслаҳат учрашуви ривожланишнинг муҳим босқичи бўлди.
Ўшанда давлат раҳбарлари келишувларини тайёрлаш ва амалга оширишнинг доимий механизми сифатида Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мазкур механизм ишга туширилиши форматга тизимли тус бериш ва биргаликда илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишда изчилликни таъминлаш имконини берди. Шунингдек, парламентлараро мулоқот ва Хавфсизлик кенгашлари котиблари даражасида мунтазам учрашувлар йўлга қўйилган.
Жараённинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчилари томонидан қабул қилинган Абадий дўстлик тўгрисидаги Хўжанд декларацияси глобал беқарорлик шароитида минтақа мамлакатларининг самарали тинчликни таъминлаш салоҳиятини намойиш этди.
Инситут директори “Жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар ушбу декларация имзоланишини самарали минтақавий дипломатия ва қўшни давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш намунаси сифатида юқори баҳолади” дея таъкидлади.
Тожикистон “XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома”га расман қўшилган. Шу тариқа минтақа давлатларининг келишилган ҳаракати учун ҳуқуқий ва ташкилий асос янада мустаҳкамланган.
Эндиликда таҳлилий марказлар давлат ҳокимияти билан экспертлар ўртасида кўприк вазифасини бажариб, тадқиқотларни стратегик қарорлар учун аниқ тавсияларга айлантириб келмоқда.
Марказий Осиё халқаро институти Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази билан фаол ҳамкорликни давом эттирмоқда. Таъкидлаш жоиз, 2024 йил Душанбеда Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик ҳамкорлиги ва иттифоқчилиги истиқболиги мавзусида ўтказилган халқаро конференция айнан давлатимиз раҳбарининг ушбу қардош диёрга давлат ташрифи олдидан ташқил қилинди.
Мазкур тадбир стратегик ташаббусларни муҳокама қилиш ва сафар давомида фойдаланиш учун амалий таклифлар ишлаб чиқишда муҳим платформа бўлди.
Сўзи якунида Жавлон Ваҳобов ушбу форум икки ва кўп томонлама кун тартибидаги муҳим масалаларни муҳокама қилиш, олий даражадаги маслаҳатлар учун тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада ривожлантириш бўйича амалий қадамларни белгилаш учун имконият эканига урғу берди.
Хуллас, Ўзбекистон ва Тожикистон алоқалари икки томонлама ишонч, сиёсий ирода билан энг мураккаб масалаларни ҳам яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат руҳида ҳал этиш мумкинлигини яққол намоён этмоқда.
– Бугун олдимизда эришилган иттифоқчилик даражасини нафақат икки мамлакат, балки бутун Марказий Осиё тараққиётининг узоқ муддатли воситасига айлантиришдек улкан вазифа турибди, – дея фикрига якун ясади Ж.Ваҳобов.
Ғ.Хонназаров тайёрлади. ЎзА