“Олмалиқ КМК” АЖ томонидан болалар футболига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ОКМК футбол жамоаси қошида футбол академияси ташкил этилиб, академия тарбияланувчилари учун замонавий майдонлар қуриб берилди. Эндиликда ёш футболчилар замонавий бинода яшаб, таълим олиши ва параллел равишда футбол сирларини ўрганиш имконига эга бўлди.
ОКМК ҳомийлигида барпо этилган академия тарбияланувчилари учун янги бино фойдаланишга топширилди. Объектнинг очилиш маросимида Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице президенти Одил Аҳмедов, техник директор Ги Киала, Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги А.Момунов номидаги футбол академияси директори Тимур Абдуллаев, Тошкент вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице президенти Асқар Жадигеров, ОКМК ПФК президенти Абдулла Хурсанов, таниқли футбол шарҳловчилари Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва Хайрулла Ҳамидов, Тошкент вилояти футбол меҳнат фахрийлари, мураббийлар ҳамда ёш футболчилар иштирок этди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари бошчилигида футболга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётгани таъкидланди. Олмалиқда ҳам комбинат томонидан футболга берилаётган эътибор юксак баҳоланди. Пудрат ташкилоти томонидан ОКМК ҳомийлигида 8 ой давомида собиқ “Весна” меҳмонхонаси капитал реконструкция қилиниб, замонавий қиёфага келтирилди. Академия биноси 210 ўринга мўлжалланган бўлиб, бинода академия тарбияланувчилари учун ётоқхона, ошхона, кир ювиш ва тиббиёт хоналари ташкил этилди. Замонавий жиҳозларга эга бўлган бинода 7 ёшдан 19 ёшгача бўлган футболчилар нафақат яшаб дам олишлари, балки ўз билимларини мустаҳкамлашлари учун ҳам имкониятлар яратилди. Бунинг учун 3 та ўқув хонаси ташкил этилиб, ёш футболчилар инглиз тилини ўрганишади, назарий билимларини оширади ҳамда ўйинларнинг видео таҳлили билан танишади. Бино ичкарисидаги ҳар бир хоналар футбол ҳаётини акс этувчи суратлар билан безатилган. Академияда 25 нафар тажрибали мураббийлар ёшларга сабоқ беради. Шунингдек, тарбияланувчиларга инглиз тили ҳам ўргатиб борилади.
Эътиборлиси, ОКМК футбол академияси мамлакатимиздаги ётоқхоналари бор тўртинчи академияга айланди. Маълумот ўрнида Насаф, Машъал ва Бунёдкор футбол жамоаларининг академияларида ётоқхоналар мавжуд.Реконструкция давомида бинонинг иссиқ ва совуқ сув ҳамда иситиш тизимлари тўлиқ янгиланди. Ёнғин хавфсизлиги ва видеокузатув тизимлари ўрнатилди. Ҳудуд ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Энг асосийси, академияда ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланишига, футбол сирларини ўрганишларига кенг имкониятлар яратилган.
Маълумот учун ҳозирда академияда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш дастури раҳбари Денис Хомутов бошчилигида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар натижасида жорий йилда академиянинг 9 ва 12 ёшли болалар жамоаси қўшни Қирғизистон Республикасида ўтказилган халқаро турнирда бош совринни қўлга киритди. 10 ёшли болалар жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, академиянинг 13 ва 14 ёшли ўсмирлар жамоалари ўз ёш тоифаларида Қозоғистондаги халқаро мусобақада тенгсиз эканликларини намойиш этди. Ҳозирда академия қошида 9 ёшдан 19 ёш тоифасигача бўлган жамоалар фаолият юритиб келмоқда. Жами бўлиб 300 нафарга яқин ўсмирлар ва ёшлар футбол сирларини ўрганяпти.
ОКМК Ахборот хизмати