Туркиянинг Анталия шаҳрида Халқаро кўзи ожизлар спорти федерацияси (IBSA)нинг навбатдан ташқари бош ассамблея йиғилишида ташкилотнинг Ижроия кенгаши аъзолигига янги сайланган номзодлар рўйхати эълон қилинди.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев Бош ассамблеяда IBSA Ижроия кенгаши аъзоси этиб сайланди.

Бош ассамблея йиғилиши давомида бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Халқаро кўзи ожизлар спорти федерацияси ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар изчиллик билан давом эттирилаётгани, мамлакатимизда IBSA тизимидаги мусобақалар, тадбирлар юқори савияда ташкил этилаётгани эътироф этилди.
Шунингдек, 2027 йили Халқаро кўзи ожизлар спорт ўйинларини ўтказиш ҳуқуқи Ўзбекистонга берилгани қайд этилди.
Т.Рўзиев, ЎзА