Глобал инқирозга қарамай, Хитой иқтисодиёти “гулламоқда”
2026 йил бошида Хитой иқтисодиёти кутилганидан ҳам барқарор натижа кўрсатди. Январь-февраль ойларида саноат ишлаб чиқариши, чакана савдо ва инвестиция ортди. Бу кўрсаткичлар иқтисодий сиёсат юритувчилар учун ижобий сигнал. Шундай бўлса-да, Яқин Шарқдаги уруш ва глобал бозордаги беқарорлик истиқболни хавотирга қўймоқда.
Расмий маълумотга кўра, ХХРда саноат ишлаб чиқариши икки ойда 6,3 фоиз ўсган. Бу ўтган йил декабрдаги 5,2 фоиздан анча юқори ва таҳлилчилар тахминидан ҳам юқори. Сунъий интеллект технологияларига талаб юқорилиги экспорт ҳажми ортишига сезиларли ҳисса қўшди.
Ички истеъмол ҳам қисман жонланди. Чакана савдо 2,8 фоиз кўпайди: сўнгги ойлардаги энг юқори сакраш. Бунга февралдаги узоқ Ой тақвими, хусусан Янги йил байрами даврида туризм даромади қарийб 19 фоиз ўсиши туртки берди. Шунга қарамай, ҳар бир саёҳат учун ўртача сарф бироз пасайгани истеъмолчилар эҳтиёткорлигидан далолат.

Инвестиция ҳам кутилмаган тарзда ижобий ўсиш суръатини намоён қилди. Инфратузилма лойиҳаларига сармоя кескин кўпайди, умумий асосий капитал инвестицияси 1,8 фоиз кўтарилди. Бинобарин, меҳнат бозорида ҳамон босим сақланмоқда: ишсизлик даражаси 5,3 фоизга чиқди.
Мутахассислар фикрича, ташқи талаб ҳали кучли эса-да, ички истеъмол сустлиги Хитой иқтисодиёти учун узоқ муддатли муаммо келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, Яқин Шарқдаги можаро нефть нархи ва глобал савдо занжирига салбий таъсир этиб, иқтисодий режага ноаниқлик қўшмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА