Дунё етакчилари Анталияда
Бугун дунё етакчилари ва ҳукумат расмийлари – жами 5000 дан зиёд иштирокчи икки кун давом этадиган V Анталия дипломатия форуми (ADF-2026)да иштирок этиш учун тўпланди.
Анжуман 150 мамлакат вакили – 20 га яқин давлат ва ҳукумат етакчиси, 15 га яқин мамлакат раҳбари ўринбосари, 40 дан зиёд ташқи ишлар вазири, 75 халқаро ташкилот вакили, шунингдек академик, журналист ва ёшлардан иборат минглаб қатнашчини бирлаштирди.
Бугунги кунда халқаро муносабатлар тизими жиддий ўзгариш даврини бошдан кечирмоқда. Геосиёсий кескинлик, куч марказлари қайта тақсимланиши, савдо-саноат соҳасида жиддий тўсиқлар пайдо бўлиши, кўп томонлама ҳамкорликка нисбатан босим ортиши глобал муҳитни янада ноаниқ, қийин ҳолатга солган.
“Эртанги кунни шакллантириш учун ноаниқлик билан курашиш” мавзусида ўтаётган бу муҳим тадбир халқаро ҳамжамият учун долзарб аҳамият касб этади.
Форум келажакни барпо этиш йўлидаги муаммоларни олдиндан кўра билиш, масалаларни тўғри баҳолаш ва самарали стратегия орқали бошқариш каби муҳим мақсадларни кўзлайди. Қолаверса,мавжуд хавф ва имкониятларни аниқлаш, сиёсий ва иқтисодий йўналишда мослашувчан қарорлар қабул қилиш ҳамда эришилган тажрибани амалиётга жорий этишга қаратилган долзарб мавзулар ҳам кун тартибига чиққан.
Маълумки, чуқурлашиб бораётган можаролар, кучайиб бораётган қутбланиш ва стратегик рақобат дунё бўйлаб барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Муаммоларга ечим топиш учун халқаро ҳамкорлик, мулоқот ва бирдамликни янада кучайтириш зарурлиги тобора аёнлашмоқда.
ADF-2026 айнан шу – етакчи, дипломат, сиёсатчи ва академиклар, бизнес ва оммавий ахборот воситалари вакилларини бир майдонда жамлаб, глобал ҳамда минтақавий масалаларни муҳокама қилиш мақсадига хизмат қилади.
Иштирокчилар очилиш маросими, панел муҳокамалари, интер фаол сессиялар ва икки томонлама учрашувлар орқали жаҳон тенденциялари ҳамда минтақавий ривожланиш суръатини таҳлил қилади, ечимлар юзасидан фикр алмашади, энг яхши амалиётларни ўртоқлашади.
Режалаштирилган 40 дан зиёд тадбир ва сессия давомида глобал сиёсий тизим ўзгариши, иқтисодий тенденция, экологик чақириқ, технология трансформацияси сингари муҳим мавзулар атрофлича муҳокама қилинади.
Жумладан Болқон тинчлик платформаси учинчи мажлиси, Ғазо масаласи бўйича юқори даражали учрашув, Туркий давлатлар ташкилоти йиғилиши, Туркия – Покистон – Саудия Арабистони – Миср мулоқоти халқаро жамоатчилик диққат марказида бўлади.
Хуллас, ADF-2026 халқаро дипломатия учун муҳим мулоқот майдони сифатида яна бир бор аҳамиятини намоён этмоқда. Бу галги анжуман дунё етакчилари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кучайтириш ва барқарор келажак учун умумий йўл харитасини шакллантиришга кўмаклашиши шубҳасиз.
Зеро, глобал ноаниқлик кучайиб бораётган бир шароитда бундай платформалар халқаро тизим барқарорлиги ва мулоқот маданиятини сақлаб қолишда беқиёс аҳамият касб этади.
Нодира Кайимова, ЎзА