Германия ва Исроил муносабатларида кескинлик юзага келди (+видео)
Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Германия канцлери Фридрих Мерцни қаттиқ танқид қилди. У “Сиз бизни яна геттода яшашга мажбур қила олмайсиз”, деб баёнот берди. Бу гаплар Германия ва Исроил ўртасида янги дипломатик кескинликни келтириб чиқарди, деб хабар берди DW нашри.
Можаро 13 апрель куни Мерцнинг Исроил бош вазири Нетаньяҳу билан телефон суҳбатидан кейин бошланган. Суҳбатда Германия томони Иордан дарёсининг ғарбий қисми, яъни Фаластин билан боғлиқ Ғарбий соҳил ҳудудларини қўшиб олиш, яъни аннексия қилишга қарши эканини билдирди.
Германиянинг бу позицияси янги эмас. Берлин узоқ йиллардан бери Яқин Шарқ муаммоси фақат икки давлат, Исроил ва мустақил Фаластин давлатини тузиш орқали ҳал қилиниши керак, деган қарашни қўллаб-қувватлаб келади. Исроил эса бу ёндашувга қарши.
Германиянинг бу баёнотидан кейин Исроил томони кескин муносабат билдирди. Молия вазири Смoтрич Мерцга жавобан, “Жаноб Канцлер, немислар яҳудийларга қаерда яшаш мумкин ва қаерда мумкин эмаслигини кўрсатадиган даврлар ўтиб кетди”, деб ёзди.
Бунга Нетаньяҳу ҳали фикр билдирмаган бўлсада, Исроилнинг Германиядаги элчиси Рон Просор Бецалель Смoтричнинг сўзларини кескин танқид қилди ва “Мерц Исроилнинг ҳақиқий дўсти” деб атади.
Бу воқеа икки давлат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда совиб бораётганини яна бир бор кўрсатди. Илгари Германия ва Исроил жуда яқин ҳамкор бўлган. Масалан, Ангела Меркель даврида Германия давлати Исроил хавфсизлигини ўз давлат сиёсатининг муҳим қисми деб биларди.
Ҳозир эса вазият ўзгарган, яъни Германия Исроилнинг Ғарб соҳилидаги янги аҳоли пунктлари қурилишини халқаро ҳуқуққа зид деб ҳисоблайди. Исроил эса Фаластин давлатини тузиш ғоясини рад этмоқда.
Шу билан бирга, Ғазо атрофидаги уруш ва ҳарбий ҳаракатлар ҳам икки томон ўртасидаги келишмовчиликларни кучайтирмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, Исроил ҳукумати ташқи танқидларга қарамасдан ўз сиёсатини давом эттирмоқда, бу эса унинг яқин иттифоқчилари билан ҳам муносабатларини мураккаблаштирмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Смoтричнинг баёноти шунчаки сиёсий жанжал эмас, балки Германия ва Исроил ўртасида йиғилиб келаётган катта зиддиятларнинг очиқ кўринишидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/nZ79K8L8zsE" title="Germaniya va Isroil munosabatlarida keskinlik yuzaga keldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА