Президент Олимпиадаси ғолиблари тақдирланишди
Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Президент Олимпиадаси Сирдарё вилояти ёш спортчилари учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Мазкур нуфузли мусобақада вилоятдан 26 та спорт тури бўйича 301 нафар ёш спортчи иштирок этиб, Сирдарё шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Энг қувонарлиси, ёш спортчилар мусобақалар давомида ўзларининг маҳорати, иқтидори, жисмоний тайёргарлиги ва ғалабага бўлган интилишларини намоён этишиб, муносиб натижаларга эришдилар. Хусусан, вилоят вакиллари жами 32 та медални қўлга киритишга муваффақ бўлишди. Шундан 8 та медаль паралимпия йўналишига тўғри келади.
Қўлга киритилган медаллар орасида Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спортчиси Александр Мхояннинг натижалари алоҳида эътиборга лойиқ. У сузиш бўйича ўтказилган баҳсларда 200 метрга баттерфляй усулида сузиш йўналишида барча рақибларидан устун келиб, олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, 50 метрга баттерфляй усулидаги беллашувларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлди. Шу тариқа ёш спортчи икки карра совриндор сифатида Олимпиада шоҳсупасидан жой олди.
[gallery-32573]
— Президент Олимпиадаси мен учун муваффақиятли келди. 200 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича олтин медалга сазовор бўлдим. Бунда нафақат юқори спорт тайёргарлигим, балки устозларимнинг берган билим ва маслаҳатлари, қолаверса, сув спорти билан шуғулланиш учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар ҳам жуда қўл келди. Бунинг учун Президентимизга миннатдорчилик билдираман, — деди Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спортчиси Александр Мхоян.
Дарҳақиқат, ёш спортчининг икки медални қўлга киритиши унинг мусобақага пухта тайёргарлик кўргани, ўз имкониятларига ишончи ва ғалабага бўлган интилишининг натижасидир. Айниқса, турли масофаларда ўз маҳоратини намоён этиб, ҳам олтин, ҳам бронза медалига эришиши спортчининг салоҳиятини яққол кўрсатади.
Спортчиларнинг эришган ютуқларини муносиб рағбатлантириш мақсадида бугун Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида тақдирлаш маросими ташкил этилди. Унда Президент Олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларнинг натижалари эътироф этилиб, уларга пул мукофотлари топширилди. Жумладан, биринчи ўринни эгаллаган спортчиларнинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан, иккинчи ўрин соҳибларига 5 миллион сўмдан, учинчи ўринни қўлга киритганларга эса 3 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди. Бу эса ёш спортчиларнинг меҳнати ва интилишларини муносиб қадрлаш, уларни янги ғалабалар сари рағбатлантиришга қаратилган эътиборнинг амалий ифодаси бўлди.
Тадбирда вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов иштирок этиб, ёш спортчиларни эришган натижалари билан табриклади. Шунингдек, Президент Олимпиадасининг иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларнинг спорт салоҳиятини юзага чиқариш ва келгусидаги йирик мусобақаларга тайёрлашдаги аҳамияти хусусида тўхталди.
Мамлакатимизда спортни янада оммалаштириш, ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг халқаро майдонларда юқори натижаларга эришиши учун зарур шароитларни яратиш муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади. Шу билан бирга, мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш, машғулотлар самарадорлигини ошириш ва эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди. Шундан сўнг Олимпиада ғолиб ва совриндорларига пул мукофотларини топширди.
Албатта, спортдаги ҳар бир ғалаба ортида машаққатли меҳнат, мунтазам машғулотлар, мураббийларнинг фидойилиги ва спортчининг мустаҳкам иродаси мужассам. Шу боис бундай эътироф ва рағбат ёшларнинг ўз олдига янада юксак мақсадлар қўйиши, янги марралар сари интилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
— Сирдарёлик ёш спортчиларнинг Президент Олимпиадасида қўлга киритган 32 та медали вилоят спорти салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Энг муҳими, бугунги ютуқлар билан бир қаторда, эртанги зафарлар учун ҳам мустаҳкам замин яратилмоқда. Зеро, ҳар бир медаль — бу спортчининг меҳнатига берилган баҳо, мураббийлар фидойилигининг эътирофи ва янги ғалабалар сари ташланган қадамдир, — деди Анвар Бўронов.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА