Пойтахтда талабалар “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларида беллашди
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг стритбол, волейбол ва мини-футбол турлари бўйича Тошкент шаҳар босқичи мусобақалари якунланди.
Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари талабаларидан иборат жамоалар бир неча кун давомида рақобатлашган беллашувлар қизғин ва муросасиз кечди. Мусобақалар якунига кўра, ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Стритбол бўйича “А” гуруҳи баҳсларида биринчи ўринни И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, иккинчи ўринни Ўзбекистон давлат консерваторияси, учинчи ўринни Ўзбекистон давлат шарқшунослик университети жамоаси эгаллади.
Волейбол бўйича йигитлар ўртасидаги мусобақада Тошкент халқаро кимё университети жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Тошкент Турин политехника университети иккинчи, Тошкент давлат иқтисодиёт университети учинчи ўринни эгаллади.

Қизлар ўртасидаги волейбол баҳсларида эса Тошкент давлат тиббиёт университети жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Низомий номидаги Тошкент педагогика институти иккинчи, Тошкент кимё-технология институти учинчи ўринни банд этди.
Мини-футбол бўйича талабалар ўртасидаги мусобақалар бир нечта гуруҳда ташкил этилди. Биринчи гуруҳ баҳсларида Тошкент давлат тиббиёт университети жамоаси биринчи, Тошкент давлат юридик университети иккинчи, Тошкент архитектура-қурилиш университети учинчи ўринни эгаллади.
Иккинчи гуруҳда Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети жамоаси ғолиб бўлди. «Ориентал» университети иккинчи, Тошкент фармацевтика институти учинчи ўринни қўлга киритди.

Учинчи гуруҳда эса Тошкент давлат техника университети жамоаси биринчи ўринни эгаллади. «Перфект» университети иккинчи, Тошкент давлат иқтисодиёт университети учинчи бўлди.
Шу тариқа, пойтахт олий таълим муассасалари талабалари ўртасидаги оммавий спорт мусобақаларининг навбатдаги босқичи ғолиблари аниқланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА