Осиё ўйинларига бормаган Диёра Келдиёрова илк бор қайси халқаро турнирда иштирок этади?
Японияда давом этаётган ёзги Осиё ўйинлари мусобақалари ўзининг юқори нуқтасига тобора яқинлашаётган айни кунларда юртимиз дзюдочилари октябрь ойи давомида Озарбайжонда ўтадиган жаҳон чемпионатида, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон давлатларида ўтадиган халқаро турнирда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга ҳозирланмоқда.
Эртага, 30 сентябрь куни қитъа ўйинларининг дзюдо мусобақаларига старт берилса, 4-10 октябрь кунлари Бокуда жаҳон чемпионати, 17–18 октябрь кунлари Қозоғистоннинг Актау шаҳрида “Aktau Asian Open 2026” турнири бўлиб ўтади.
Бевосита қитъа ўйинларига тўхталадиган бўлсак, кунчиқар юртда ўтаётган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси дастуридан ўрин олган дзюдо беллашувларида 32 та давлатнинг 204 (116 эркак, 88 аёл) нафар спортчиси медаллар учун кураш олиб бориши тасдиқланган.

2 октябрга қадар давом этадиган Осиё ўйинларининг яккалик баҳсларида Япония, Қозоғистон, Мўғулистон, Жанубий Корея ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари тўлиқ таркибда, яъни 14 нафар (7 та вазн эркаклар, 7 та вазн аёллар) дзюдочи билан қатнашмоқда.

Шунингдек, 3 октябрь куни Ўзбекистон дзюдо жамоаси қатнашадиган Осиё ўйинларининг аралаш жамоавий баҳсларида совриндор мамлакатлар номи маълум бўлади.
Бокуда ўтадиган жаҳон чемпионатида 96 та мамлакатнинг 637 нафар дзюдочиси қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 17 нафар аъзоси ғолиблик йўлида кураш олиб бориши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан 22 нафар дзюдочимизнинг Қозоғистонда бўладиган нуфузли мусобақада иштирок этиш талабномалари тақдим этилган.
Эътиборли жиҳати, қўшни мамлакатда кечадиган нуфузли мусобақада ўзбек спортининг фахри, “Париж-2024” Олимпиадаси чемпиони ва икки карра жаҳон чемпионати совриндори Диёра Келдиёрова қатнашиши қайд этилганки, бу, маҳоратли спортчимизнинг Олимпия ўйинларидан кейинги дастлабки халқаро мусобақаси экани билан аҳамиятли.

Бундан ташқари, 28 нафар ёш дзюдочимиз 24-25 октябрда Тожикистонда ўтадиган “Hoji Sharif Dushanbe Grand Prix Juniors 2026” турнирида совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, Диёра Келдиёрова Актау мусобақаларида ўз вазн тоифаси бўлган -52 килограммдаги беллашувларда иштирок этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА