Янги ислоҳотлар: бозор механизмлари ва ижтимоий ҳимоя
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30-июлдаги қарори мамлакатимизда кўмир саноатини янада ривожлантириш, бозор механизмларини кенг жорий этиш, хусусий сектор иштирокини ошириш ҳамда рақамли бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Қарор асосида кўмир қазиб чиқаришдан тортиб уни истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган бутун жараённи янада самарали ташкил этишга хизмат қиладиган янги механизмлар жорий этилмоқда.
Янги тартибга мувофиқ, аҳоли MyCoal.uz интерактив портали ва унинг мобил иловаси орқали буюртма бериб, кўмирнинг сифати ва нархи бўйича таклифни танлайди, шунингдек, маҳсулотни яшаш манзилига етказиб бериш ёки белгиланган тарқатиш пунктидан олиб кетиш имкониятига эга бўлади. Буюртмаларнинг ижроси рақамли тарзда назорат қилинади ва уларнинг бажарилиши ҳақида истеъмолчилар ўз вақтида хабардор қилиб борилади.
Маҳаллий кўмир маҳсулотини интерактив портал орқали сотиш Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги томонидан тартибга солинади
2026–2027 йилларда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўшимча моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида MyCoal.uz интерактив портали ва унинг мобил иловаси орқали маҳаллий кўмир харид қилган ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилаларга маҳаллий кўмирни етказиб бериш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун бир календарь йили давомида харид қилинган ҳар бир тонна кўмир учун 300 минг сўм ҳисобидан, бироқ жами 600 минг сўмдан ошмаган миқдорда компенсация тўлаб берилади.
Шунингдек, қарорда “Кўмир таъминот” МЧЖ балансидаги кўмир омборлари ва бошқа кўчмас мулк объектларидан самарали фойдаланиш бўйича чоралар белгиланган. Хусусан, масъул вазирлик ва идоралар ҳамда “Ўзбеккўмир АЖ иштирокида икки ой муддатда мазкур объектларни хатловдан ўтказиш, уларни сотиш механизми юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритиш вазифаси юклатилган. Бунда аҳоли ва бюджет ташкилотларини маҳаллий кўмир билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа сифатида сақлаб қолинади.
Мазкур ислоҳотлар натижасида “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг асосий эътибори кўмир қазиб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот сифатини таъминлаш, белгиланган баланс асосида кўмирни ўз вақтида ортиш ва етказиб бериш, логистика жараёнларини мувофиқлаштириш ҳамда рақамли назорат тизимини такомиллаштиришга қаратилади.

Қарорга мувофиқ, MyCoal.uz платформасининг имкониятлари ҳам янада кенгайтирилади. Платформа орқали аҳоли, бюджет ташкилотлари, иссиқлик электр станциялари ва тадбиркорлик субъектларининг кўмирга бўлган эҳтиёжлари, ажратиладиган ҳажмлар, маҳсулот ҳаракати, омборлардаги қолдиқлар, электрон ҳисоб-китоблар ва шартномалар ижроси доимий мониторинг қилиб борилади.
Янги тартибга мувофиқ, маҳаллий кўмирнинг бошланғич сотиш нархлари иқтисодий жиҳатдан асосланган ҳолда бозор конъюнктураси, ишлаб чиқариш таннархи, транспорт-логистика харажатлари ҳамда бошқа иқтисодий омиллар ҳисобга олинган ҳолда қайта кўриб борилади. Бу эса бозор механизмларининг самарали ишлаши ва барқарор таъминот тизимини таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжат кўмир соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини кенгайтириш, рақамли бошқарувни ривожлантириш, таъминот ва логистика тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни ўзаро уйғунлаштирган муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.
Неъмат Душаев,
“Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати раҳбари,
ЎзА.