Ёш чавандозлар пойтахтда от сакратмоқда
Пойтахтимиздаги “Universal Horses Stable” от спорти клубида тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича кичик ўсмирлар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати старт олди.
Мусобақанинг “Болалар” йўналишида 105 см. тўсиқлардан от сакратишда Севинч Назарова «Elis G» лақабли отида олтин медалга сазовор бўлди. Муҳаммадсодиқ Одилжонов эса «Zorro» номли тулпорида кумуш, Абубакир Ҳафизов «Orange White» отида бронза медаль билан тақдирланди.
Ўсмирлар ёш тоифасида Обиджон Икромов «Zorro» тулпори билан 120 см. тўсиқлардан сакрашда энг яхши натижа кўрсатди. Ушбу йўналишнинг ёшлар таснифида Анна Сигидина («Elis G») барча рақибларини ортда қолдириб, мусобақа ғолибига айланди.
Бугун, 13 май куни “Болалар” — 110 см, “Ўсмирлар” — 125 см, “Ёшлар” — 130 см. йўналишларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА